18 апрель, пайшанба куни футбол бўйича Европа Лигаси 1/4 финалининг жавоб ўйинларида «Арсенал» сафарда «Наполи»ни мағлуб этган бўлса (1:0, илк учрашув — 2:0), «Челси» ўз майдонида «Славия» устидан ғалаба қозониб (4:3, дастлабки баҳс — 1:0), мусобақанинг ярим финалига йўл олди.
Қайд этиш жоиз, ушбу ҳафтада «Ливерпуль» ҳамда «Тоттенҳэм» клуби Европа Чемпионлар Лигаси ярим финалига йўлланмани қўлга киритганди.
Шундай қилиб, 4 та инглиз клуби 35 йил ичида илк бор битта мавсумда Еврокубоклар ярим финалига чиқди, деб хабар берди Opta.
1983/84 йилги мавсумда «Ливерпуль» Чемпионлар Кубогининг ярим финалида Бухарестнинг «Динамо» клубини ютганди (1:0, 2:1), финал ўйинида эса «Рома»дан устун келганди (1:1, пенальтилар серияси — 4:2).
«Манчестер Юнайтед» Кубок эгалари кубогининг ярим финалида «Ювентус»га ютқазганди (1:1, 1:2).
УЕФА Кубогининг 1/2 финалида «Ноттинҳем Форест» «Андерлехт»га мағлуб бўлган бўлса (2:0, 0:3), «Тоттенҳэм» клуби «Ҳайдук»ни икки ўйин натижасига кўра меҳмонда урилган голлар эвазига мағлубиятга учратганди (1:2, 1:0). Финал баҳсида эса «Андерлехт»ни таслим қилиб, мусобақа чемпионига айланганди (1:1, 1:1, пенальтилар серияси — 4:3).
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)