Facebook’нинг бир гуруҳ акциядорлари ижтимоий тармоқ асосчиси Марк Цукербергнинг компания бошқаруви раиси лавозимидан кетишини талаб қилди. Акциядорлар мурожаати АҚШ Қимматли қоғолар бўйича комиссияси сайтида эълон қилинди, дея хабар беради Meduza.
Мурожаатда таъкидланишича, Цукерберг овоз бериш ҳуқуқини таъминловчи акцияларнинг тахминан 60 фоизига эгалик қилмоқда, бу эса унга компания сиёсатини амалда якка ўзи назорат қилиш имконини бермоқда.
Мурожаатни имзолаган акциядорларнинг фикрича, айнан мустақил бошқарувнинг йўқлиги ортидан Facebook маълумотларнинг Cambridge Analytica’га сизиб чиқиб кетиши, АҚШдаги сайловларга Россиянинг аралашуви ва фейк янгиликлар тарқатилиши каби можароларга ўралашиб қолди.
Акциядорлар гуруҳи мустақил бошқарув раисини тайинлаш масаласини компаниянинг 30 май кунига белгиланган навбатдаги йиллик йиғилишида муҳокама этишни таклиф қилмоқда.
Изоҳ (0)