12 апрель куни Тошкент шаҳар Сергели туманидаги «Чоштепа» МФЙ ҳудудида 150 ёш оилага «Ёшлар уйи» тантанали равишда топширилди, деб хабар беради ЎзА.
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши юридик хизмат бўлими мудири Баҳром Илҳомжонов «Ёшлар уйлари»нинг берилиш тартиби, юзага келган навбатлар хусусида маълумот берди.
«Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори асосида мамлакат ижтимоий ҳаётида фаол қатнашаётган ёшлар учун уй-жойлар тақдим этиш тартиби белгиланган. Унга мувофиқ, «Ёшлар уйлари»ни олиш учун номзодлар асосий учта талабга жавоб бериши керак бўлади. Биринчи асосий талаб — номзодларнинг ёши 30 дан ошмаган бўлиши лозим. Иккинчи талаб — ёш оилалар, яъни эр ёки хотиннинг номида мулк ҳуқуқи асосида турар жойларнинг мавжуд эмаслиги. Учинчиси — мамлакат ижтимоий ҳаётида фаоллиги, тенгдошларига намуна бўлиши, ўз соҳасида ютуқларининг мавжудлиги. Агар ёш ходимнинг ҳали ютуқлари бўлмаса, ўзи меҳнат қилаётган жамоада обрўга, ташкилот раҳбарияти томонидан берилган ижобий тавсияномага эга бўлиши лозим», — дейди Б.Илҳомжонов.
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 23 сентябрдаги «Мамлакат ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этаётган ёш оилаларни уй-жой билан таъминлашни қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига кўра, бу уйларнинг олдиндан тўланадиган бадал тўлови Ёшлар иттифоқи томонидан тўлаб бериладиган бўлди.
Мазкур қарорга кўра, 2018—2021 йилларда ҳар йили республиканинг барча ҳудудларида ёшлар учун 2149 хонадонли янги уйлар қурилиши режалаштирилган.
Ўтган 2014 йилдан 2017 йилгача бўлган даврда республикада қарийб минг хонадондан иборат уйлар қурилган. Бу даврда Тошкент шаҳрида яшовчи 100-150 ёш уй билан таъминланган. Янги уйга эҳтиёжи бор пойтахтлик ёшлар эса ўртача 200-250 нафарни ташкил этган. Шу боис, табиийки, йиллар давомида навбат тўпланиб қолган эди. Бу йил Тошкент шаҳрида яшаётган ёшларга 840 хонадондан иборат кўп қаватли уйлар топширилади. Биздаги маълумотларга кўра, ҳозирда Тошкент шаҳрида ҳисобда турган ёшлар сони 500 нафарни ташкил этмоқда. Йил охирига қадар уларнинг барчаси янги уйларга кўчиб ўтиши режалаштирилган. Келгусида қурилаётган уйлар сони ортиши билан ортиқча навбатлар ҳам тугайди.
Изоҳ (0)