АҚШнинг Клинтон шаҳри ва Навоий вилоятининг Зарафшон шаҳри ўртасида биродарлашган шаҳарлар тўғрисида келишув имзоланиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Жавлон Ваҳобов Навоий вилояти ҳокими билан ўтказилган видеоконференцалоқада маълум қилди, дея хабар беради «Халқ сўзи».
Мазкур мулоқот ҳудудларда хорижий инвестицияларнинг ўз вақтида самарали ўзлаштирилишини таъминлаш борасида янги назорат тизими жорий этиш, ҳафтанинг ҳар чоршанба кунини «Инвесторлар куни» сифатида белгилаш топшириғи ижроси доирасида ўтказилди.
Ж. Ваҳобовнинг айтишича, 15—16 май кунлари вилоятда АҚШ ишбилармон доиралари вакиллари билан ўтказиладиган форумда 100 дан ортиқ тадбиркор қатнашиш истагини билдирган. Мулоқотда Ўзбекистон томонидан улар билан ҳамкорлик қиладиган корхоналар рўйхатини шакллантириш ҳамда B2B шаклидаги учрашувларни ташкил этишга келишиб олинди.
Шунингдек, давлат раҳбарининг Навоий вилоятига ташрифи доирасида маъқулланган хорижлик ишбилармонлар билан ҳамкорликдаги инвестицион лойиҳаларнинг ижроси таъминланиши, юзага келаётган масалалар ва уларнинг ечими ҳам муҳокама қилинди.
Изоҳ (0)