Наманган вилоятидан пойтахт томон йўлга чиққан фуқаро Ж.М. бошқарувидаги Isuzu русумли юк автотранспорт воситаси Ўрта Чирчиқ тумани ҳудудида тўхтатилиб, кўздан кечирилганда, унинг ичида хорижда ишлаб чиқарилган ва божхона расмийлаштирувини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган 7 турдаги товарлар яширилганлиги аниқланди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси Ахборот хизмати бош инспектори Ҳусан Тангриев «Дарё»га хабар берди.
Товарларнинг асосий қисмини 14 минг донадан ортиқ сифати кафолатланмаган дори воситалари ва тиббиёт буюмлари ташкил қилиб, уларни сақлаш ва ташиш қоидаларига умуман риоя қилинмаган. Шунингдек, 2 турдаги 301 дона электр ҳисоблагичлар, 20 дона телевизор, 494 дона турли хилдаги аёллар ва эркаклар кийим-кечаклари, 7200 қути сақичлар, 31 дона биологик фаол қўшимчалар ва бошқа товарлар борлиги аниқланган.
Мазкур товар-моддий бойликларнинг умумий қиймати дастлабки ҳисоб-китобларга кўра тахминан 1 миллард 67 миллион сўмдан ошар экан.
Ушбу қонунбузарлик ҳолатини илдизи билан бартараф қилиш мақсадида ушбу шахс истиқомат қилаётган Наманган шаҳридаги хонадони ҳам белгиланган тартибда ва холислар иштирокида кўздан кечирилган. Маълум бўлишича, ушбу ҳовли муқаддам айланма йўллар орқали олиб кирилган товарлар яширинча сақланаётган омборга айланиб улгурган экан. Кўздан кечириш давомида бу ерда 9 турдаги 19 минг донадан ортиқ дори воситалари ҳамда 13,8 минг донадан ортиқ флешкарталар борлиги исботланган. Мазкур товар-моддий бойликларнинг умумий қиймати эса дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 1 миллирд 434 миллион сўмдан ошар экан.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона текширувлари давом эттирилмоқда.
Изоҳ (0)