Фарғона вилояти иккинчи сектори раҳбари – вилоят прокурори томонидан Бувайда туманида оммавий сайёр қабул ташкил этилди. Тумандаги 11 та маҳалла фуқаролар йиғини ушбу сектор ҳудудида бўлиб, қабулда аҳолининг талаб ва истаклари яқиндан ўрганилди. Бу ҳақда «Дарё»га вилоят прокурорининг катта ёрдамчиси Анваржон Назаров маълум қилди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ва жамоат ташкилотлари вакиллари қатнашган мазкур тадбирда мурожаатлар, асосан, ишга жойлашиш, соғлиқни сақлаш, уй-жой, моддий ёрдам, йўлларни таъмирлаш, тоза ичимлик суви билан таъминлаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ҳамда коммунал масалаларга оид бўлди. Уларнинг аксариятига шу ернинг ўзида ечим топилди.
Масалан, Янгиқўрғон қишлоғида яшовчи А.Ризаев тадбиркорлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, Оқтом қишлоғида яшовчи I.Аҳмедов даволаниш ва ногиронликни белгилаш, Шўртепа қишлоғида яшовчи Э.Раҳматуллаев хусусий мактабгача таълим муассасаси фаолиятини ташкил этиш, Бандикушод қишлоғида яшовчи Р.Усмонова фуқаролик судининг қароридан норозилигини, Ариқбўйи қишлоғида яшовчи У.Сотволдиев ногиронлик аравачаси билан таъминлаш, Анҳор қишлоғида яшовчи О.Тожибоева ишга жойлаштириш, Беглар қишлоғида яшовчи Ш.Мадиева маҳалла кўпригини таъмирлаш, Урганжи қишлоғида яшовчи Ш.Аҳмедов мактаб ўқувчилари учун катта йўлдан ўтиш жойи ташкил этишда ёрдам сўраб мурожаат қилди.
– Бир неча ой давомида турли ташкилотларга мурожаат қилдим, аммо ишга жойлаша олмай хуноб бўлиб юргандим. Сайёр қабул давомида тумандаги 4-мактабга ишга қабул қилиндим, – дейди Чўл қишлоғида яшовчи Ф.Мамаризаева.
– Зах сувлари кўтарилиб, ҳудудимиздаги дарахтлар қуримоқда, деворларга ҳам анча зарар етди. Бу ҳақда тегишли идораларга қилган мурожаатимиз ижобий ҳал этилмаётган эди. Бугун бу масалада муаммо қолмади. Тегишли идоралар вакиллари иштирокида ўрганилиб, чора-тадбир белгиланди, – дейди Янги ҳаёт қишлоғида яшовчи К.Юлдашев.
Сайёр қабулда шу каби кўплаб мурожаатлар кўриб чиқилиб, аксарияти жойида ҳал қилинди. Яна бир қатор ариза ва мурожаатлар бўйича тегишли ташкилотларга кўрсатмалар берилиб, ижроси назоратга олинди.
Изоҳ (0)