ЎзА Uzbekistan Airways Тошкент—Жидда йўналишидаги авиақатновлар сонини ҳақиқатан ҳам ҳафтасига 6 кунга кўпайтирмоқчими? деган савол билан авиакомпания масъулларига мурожаат қилди. Компания матбуот хизмати мазкур хабарни инкор этмаган ҳолда, жорий йилнинг 1 апрелидан ҳафтанинг ҳар куни парвоз амалга оширилишини маълум қилди.
Хўш, Тошкент—Жидда йўналишида қатновларнинг оширилишидан Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси қай даражада манфаатдор?
Қўмитанинг зиёрат ва археологик туризмни ривожлантириш сектори бош мутахассиси Саидкомил Холхўжаев бу саволга шундай жавоб берди.
– Юртимизда сайёҳликни ривожлантириш нафақат бизни ташкилотимиз ёки меҳмонхоналар, балки шу соҳа вакилларининг ҳамкорлигига боғлиқ, жумладан авиакомпанияга ҳам, – дейди Саидкомил Холхўжаев. – Бу борада кўплаб ўзгаришлар бўлмоқда. Мисол учун, UzAirways Тошкент—Жидда—Тошкент йўналишини йўлга қўйди. Айни вақтда уни ҳафтасига олти мартага етказиш чораси кўрилмоқда. Бу нимага керак? Биринчидан, маҳаллий аҳолининг Умра сафарини қулайроқ амалга оширишида қўл келади. Иккинчидан, ҳар бир мамлакат фуқароси Арабистонга зиёратга боргунча ёки қайтишда йўл-йўлакай бошқа, ўзига қизиқ давлатларга саёҳат қилишни истайди. Мисол учун, ўтган йили Индонезиядан қарийб бир миллион нафар мусулмон Ҳажга борган бўлса, унинг юз минг нафари Туркия орқали сафар қилган. Бундай йўналишлар сайёҳларга вақтни ва маблағни тежаш имконини беради. Айни вақтда бизда ҳам бир қатор режалар бор. Тошкент—Жидда, Куала-Лумпур кейинчалик, қўшни давлатлар – Қирғизистон, Қозоғистон, Россиядан Ҳаж ёки Умра зиёратига кетаётган сайёҳларни Самарқанд ёки Бухорода 4-5 кун саёҳатга олиб қолиш режаси бор.
Эслатиб ўтамиз, авиакомпания ўтган йил 28 октябрдан Тошкент—Жидда йўналишида авиарейслар сонини ҳафтасига икки мартага етказган эди. Зиёрат туризми бўйича сайёҳлар сонини кўпайтириш учун у Куала-Лумпур—Тошкент рейсига уланган. Рейслар сешанба ва якшанба кунлари амалга оширилмоқда. Бундан олдин эса авиакомпания Жиддага парвозларни «Ҳаж» дастури доирасида фақат чартер асосида бажарар эди.
Изоҳ (0)