Деҳлида ўтган ўзбек мусиқа ва мода фестивалида ҳиндистонлик таниқли дизайнер, Ritu Beri бренди асосчиси Риту Бери Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги маданият туризми элчиси этиб тайинланди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Риту Бери «Ҳиндистон модасининг биринчи хоними» сифатида танилган. У Парижда ўз коллекциясини намойиш этган биринчи ҳинд дизайнери ҳисобланади. Машҳур кино юлдузлари Николь Кидман, Летиция Каста, Мадхури Диксит ва бошқалар Риту Бери асос солган либосларни кияди.
Риту Бери, шунингдек, ҳашамат соҳасида ижодкорлик ва инновацияларни қўллаб-қувватловчи Тhе Luxury League нотижорат ташкилоти асосчисидир.
Фестивалда у анъанавий ўзбек либослари услубларидан фойдаланиб ушбу тадбир учун махсус тайёрланган кийимлар тўпламини намойиш этган.
Тадбирда Риту Бери Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги «Маданият туризми элчиси» этиб тайинлангани эълон қилиниб, унга Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан махсус сертификат ва эсдалик совғаси топширилган.
Фестивалда сўзга чиққан дизайнер ўзига билдирилган бундай юксак ишонч учун Ўзбекистон томонига чуқур миннатдорлик изҳор этган. Яқинда Ўзбекистонга қилган сафари чоғида у мамлакатдаги туризм ва маданият соҳасидаги улкан салоҳиятига гувоҳ бўлганини, Ҳиндистонда уни тарғиб қилиш учун бор куч-ғайратини сафарбар этишга тайёр эканини таъкидлаган.
Риту Бери ўзбек тарихий-маданий меросининг катта мухлисидир.
Шунингдек, у Ўзбекистон ҳинд оилалари учун энг мақбул сайёҳлик йўналишларидан бири эканини таъкидлаб, барчани Ўзбекистонга боришга чорлаган.
Изоҳ (0)