Британия полицияси Хитроу ва Лондон Сити аэропортларида, шунингдек, Ватерлоо вокзалида портловчи буюмлар солинган шубҳали пакетларни топиб олди. Террорчиликка қарши курашиш бўлими тафтиш ишларини бошлаб юборган. Бу ҳақда «Nuz.uz» хабар бермоқда.
Учала пакет ҳам почта конвертига солинган. Полиция бу ҳодисалар бир-бирига боғлиқ демоқда.Пакетларни зарарсизлантириш давомида ҳеч ким жароҳат олмаган.
5 март, сешанба куни тонгда Хитроу аэропорти ҳудудидаги Компасс марказида биринчи топилма аниқлангани ҳақида хабар қилинган. Кейинги уч соат давомида Лондоннинг турли туманларида шунга ўхшаш пакетлар топилгани ҳақида хабар бўлган.
«Бу пакетлар оқ почта конвертларига солинган. Унинг ичига сариқ конверт жойлаштириб, қўлбола портловчи буюмлар солинган. Буюмлар кичик портлашга сабаб бўлиши мумкин», — дея хабар берди террорчиликка қарши кураш бўлими.
Учта конвертдан иккитасига ирланд маркаси ёпиштирилган. Ирландия полицияси воқеа юзасидан ишга киришган.Хавфсизлик масалалари бўйича эксперт Уилл Геддес бу каби ҳолатлар содир бўлиши табиий эканини айтган.«Транспорт воситалари ҳар доим террорчиларнинг эътиборида бўлади», — дейди у.
Унинг айтишича, конвертдаги манзил қўлда ёзилган ва бу тергов ишини анча енгиллаштиради.
Портловчи буюмлар топилган ҳудудлар ёпиб қўйилган ва у ерга ҳеч ким йўлатилмаган.
Воқеадан жабр кўрганлар йўқ. Рейслар қолдирилмаган.
Изоҳ (0)