5 март куни Ўзбекистон делегациясининг Савдо ва иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон—Венгрия ҳукуматлараро комиссиясининг учрашуви муносабати билан Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов Венгрия ташқи ишлар ва савдо вазири Питер Сиярто билан учрашди. Бу ҳақда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги PR маркази хабар берди.
Учрашувда икки мамлакат ўртасида инвестицион ҳамкорликни кенгайтириш ва товар айирбошлашни кўпайтиришни назарда тутадиган икки томонлама ҳамкорлик истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.
Жаноб Сиярто Венгрия ва Ўзбекистон ўртасидаги яқинлашув шубҳасиз иқтисодий ва ижтимоий-маданий ҳамкорликни мустаҳкамлаш орқали икки мамлакатнинг ривожланишига ижобий таъсир кўрсатишига ишонч билдирди.
Худди шу куни соҳа идоралари раҳбарлари ҳамда вазирликларнинг раҳбарлари иштирокида савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон—Венгрия бизнес-форуми бўлиб ўтди.
Венгрия томонидан тадбирда агросаноат сектори, чорвачилик, қурилиш ва муҳандислик, энергетика, фармацевтика, машинасозлик, ахборот-коммуникация технологиялари ва сайёҳлик соҳасидан йирик бизнес вакиллари иштирок этди.
Форум якунида Венгрия ишбилармон доиралари, Ўзбекистон вазирликлари ва соҳа идоралари вакиллари ўртасида бир қатор ҳужжатлар имзоланди. Бу ҳужжатлар икки томоннинг муайян лойиҳаларни амалга оширишдаги ҳамкорлиги ва кўламини белгилаб беради.
Изоҳ (0)