Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

«Дарё» тугаётган ҳафтада жаҳон матбуотида энг кўп муҳокама қилинган мавзуларни эсга олиб ўтади.

Украина: халқпарвар президент аслида ким?

Financial Times нашри «Украинадаги президент сайловининг асосий муаммоси президентларнинг ўзи» деган мақола чоп этди.

Юлия Тимошенко, Владимир Зеленский, Пётр Порошенко. Фото: Google Photos

Юлия Тимошенко, Владимир Зеленский, Пётр Порошенко. Фото: Google Photos

Украиналиклар 2014 йилги Майдон воқеаларидан сўнг сиёсатчиларга ишонмай қўйган. Сабаби, юқори ҳокимият органларидаги коррупция, украин олигархларининг ҳокимиятга таъсири мамлакатда оддий халқнинг ишончини йўқотган. Устига устак, 5 йилдан буён Украина шарқида давом этаётган айирмачилик ҳаракати ҳамда айирмачиларнинг Россия томонидан қўллаб-қувватланиши муаммоларини ҳал қила олмаётган сиёсий доиралар украин халқининг ишончига сазовор эмас. Оддий халқ шу сабаб «Биз кучли давлатга қарши курашмоқдамиз» деб ҳисоблайди.

Мақолада, шунингдек, кучли рақибга қарши тураётган Украина олқишланади. Хусусан, «кучли давлат Украинанинг давлатчилигига рахна солаётган бир вазиятда Украинанинг қарши туриши эътирофга сазовордир», дейилади.

Украинадаги президентлик пойгасида қатнашаётган уч номзод халқни хавотирга солди. Пётр Порошенко, шоколад ишлаб чиқариши бизнеси ортидан миллиардларини ишлаб олган сиёсатчи. Юлия Тимошенко, популист ва собиқ бош вазир, президент Виктор Янукович даврида озодликдан маҳрум қилинган сиёсатчи. Владимир Зеленский, сиёсий тажрибага эга бўлмаган ҳажвчи ва актёр.

Бу уч номзод мамлакат келажагини белгилашда олигархларнинг ошкора ва яширин иштирокига барҳам беради деган ишонч йўқ.

Украина 2014 йил воқеаларидан сўнг АҚШ ва Европа Иттифоқи ёрдамида бир қатор ютуқларга эришди. Ютуқлар сирасига Европа Иттифоқи билан эркин савдо шартномасини киритиш мумкин.

Financial Times айни пайтда ҳукуматни бошқариш лавозимига ким келишидан қатъий назар Украинани Европа Иттифоқи билан алоқалари янада яхши бўлиши учун хизмат қилиши керак деб мақолани якунлайди.

Дональд Трамп ва Ким Чен Ин дўстлиги ортида нима яширин?

The Guardian нашри, мақтанчоқлик асосига қурилган дипломатия ҳеч қайси тарафга фойда келтирмаслиги ҳақида ёзар экан, Ханойда ўтган АҚШ ва Шимолий Корея учрашуви муваффақиятсизлик билан тугаганини хабар қилади.

Фото: Getty Images

Фото: Getty Images

Камералар қаршисида табассум ва ҳайратларини бекита олмаган Дональд Трамп ва Ким Чен Ин Ханой саммитидан ҳеч нарсага эриша олмади. Бир йил олдин Сингапур саммитида учрашган икки қутбга мансуб раҳбарлар ҳаттоки «бир-бирларини ёқтириб қолишгани-ю, Шимолий Корея ортиқ дунёга хавф солмаслиги» ҳақида маълумотлар ҳам тарқалган эди.

Шимолий Корея тарафи ўзига қўйилган иқтисодий жазо чораларининг олиб ташланишини истайди. АҚШ томони бўлса, хусусан Дональд Трампнинг дипломатик ғалабаси тарих саҳифаларига зарҳал ҳарфлар билан ёзиб қўйишини хоҳлайди.

Шимолий Корея ярим оролни ядросиз ҳудудга айлантиришга рози, аммо бундай сиёсатга бир тарафлама қўл уришни истамайди.

Ханойдаги саммит олдидан ўтказилган учрашувда Трамп Ким Чен Ин билан учрашуви «фантастик ғалаба» билан якунланишини ваъда қилганди. Воқеалар ривожи Трамп кутганидек бўлиб чиқмагач, АҚШ раҳбари Ким Чен Ин Шимолий Кореяга қаратилган иқтисодий жазо чораларини батамом бекор қилинишини истамоқда, аммо бу биргина менинг ваколатимда эмас, деб таъкидлаган.

Ўз навбатида, Шимолий Корея раҳбари иқтисодий жазо чораларининг юмшатилишини хоҳлашини айтган.

Катта эҳтимол билан айтиш мумкинки, АҚШ ва КХДР ўртасидаги учрашувлар қисқаради ва Дональд Трампнинг Шимолий Кореяга нисбатан сиёсати Обама давридаги «стратегик бағрикенглик» сиёсати даражасигача тушиши мумкин.

Нашр тавсиясига кўра, АҚШ Шимолий Кореядан ядро дастуридан бутунлай воз кечишни эмас, аксинча, вақтинча музлатиб қўйишни сўраши доно сиёсат бўлган бўлар эди.

Диктатор ва аёллар

Германияда чоп этиладиган Süddeutsche Zeitung нашри ёзишича, Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Инга унинг атрофидаги аёллар таъсири каттадир.

Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин рафиқаси Ли Соль Чжу билан. Фото: Google Photos

Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин рафиқаси Ли Соль Чжу билан. Фото: Google Photos

Ким Чен Ин Вьетнамдаги учрашувга синглиси Ким Ё Чжон, турмуш ўртоғи Ли Соль Чжу ва хонанда Хён Сон Воль билан биргаликда келди.

Ким Чен Иннинг синглиси 4 йилдан бери Корея Меҳнат партияси Марказий қўмитаси агитасия ва пропаганда бўлимига раҳбарлик қилиб келади. Кимнинг чиқишлари пайтида синглиси ҳамиша унинг ёнида бўлади. Ҳужжатларга қўл қўйиш керак бўлган пайтда синглиси ҳужжат саҳифаларини варақлаб туради, ручка узатади, ҳар тарафлама ёрдам беради. Ким Ё Чжон давлат раҳбарининг имижини сақлаб туришда асосий рол ўйнайди. Синглиси Ким Чен Ин чиқишларининг соядаги раҳбаридир.

Кимнинг рафиқаси Ли Соль Чжу билан замонавий ёш оила образида намоён бўлади. Ли кўпроқ ғарбона ёрқин рангдаги кийимларда ва Chanel брендига тегишли сумкачаси билан кўриниш беради. Шимолий Корея элитаси учун Ли хоним аёлларнинг янги қиёфаси сифатида намоён бўлади. Ли хоним, корейс удумлари талаб этганидай, эри ҳамроҳлигида камдан кам кўринади. Экспертларнинг назарида, унинг ҳам эрига таъсири анча катта. Қайнисинглиси келинидан «намунали биринчи хоним» ясаб олган.

Хонанда Хён Воль Сон ҳам катта таъсирга эга. У гўзал Кореяни ифода этади. Бир неча йил аввал ОАВ хонандани интим можароларда айблаган ҳам эди. Жанубий Корея нашрлари ҳаттоки унинг қатл этилганлиги борасидаги хабарларни ҳам тарқатишган эди. 2018 йилги Олимпиада вақтида у ҳеч кутилмаганда икки корейс мамлакатининг яқинлаштирувчи асосий намояндаларидан бири сифатида пайдо бўлди.

Süddeutsche Zeitung нашри, Шимолий Кореянинг нуфузли аёлларига тўхталар экан, аввало КХДРга хавф туғдирувчи мамлакат сифатида эмас, аксинча, ижобий образ яратишга аёллар ёрдам бермоқда, деб мақолани якунлайди.

Телевизор кўриш хотирани пасайтирадими?

Daily Mail нашрининг хабар беришича, узоқ вақт мобайнида телевизор кўриш ўрта ёшлиларни хотира пасайиши касаллигига дучор қилади.

50 ёшдан ошганлар, агарда кунига 3,5 соатдан кўпроқ телевизор кўрса, телевизор кўрмайдиган тенгқурларига нисбатан тез хотира йўқотиш касаллигига чалинади.

Лондон университет коллежи олимлари 6 йил мобайнида олиб борган тадқиқотларга кўра, телевизорни 3,5 соатдан кўпроқ томоша қиладиганлар хотирасининг 10 фоизини йўқотган, камроқ кўрадиганларда бу рақам 5 фоизни ташкил этган.

Телевизор кўриш вақтни нофаол тарзда ўтказиш ҳисобланади ва инсон миясининг етарли даражада ишлашига имкон бермайди.

Профессор Эндрю Стэптоу раҳбарлигида олиб борилган тадқиқотда 50 ёшдан ошган кўнгиллилардан қанча вақт мобайнида телевизор кўриши сўралган. Шундан сўнг уларнинг хотираси текшириб кўрилган. Кўнгиллиларга 10 сўздан иборат рўйхат берилган ва уларни дарҳол айтиб бериш сўралган.

Кейинги бир неча дақиқа давомида уларга бир қанча бошқа топшириқлар берилган ва шундан сўнг дастлабки машқда берилган сўзларни айтиш сўралган.

Айнан шундай тажриба яна ўша кўнгиллилар билан олти йилдан сўнг яна бир бор ўтказилган.

Тадқиқотчиларнинг сўзларига кўра, диванда кўп ўтириб вақт ўтказадиганларда хотира билан боғлиқ муаммолар қайд этилди. Тадқиқотнинг муҳим жойи шундаки, телевизор кўриб вақт ўтказганларда хотирани йўқотиш икки баробар тез рўй бериши аниқланди.

Изоҳ
Асосий янгиликлар
Иқтисодиёт
Коррупция даражаси, иқтисодий эркинлик индекси: Ўзбекистоннинг халқаро рейтинглардаги ўрни қандай ўзгармоқда?
Дунё
АҚШ Ельциннинг Украина ҳақидаги баёнотини махфийликдан чиқарди
Иқтисодиёт
Ўзбекистонда фрилансерлик: улар қанча маош олади ва нега кўпаймоқда?