Тошкентда таркибида психотроп моддалар бўлган дори воситаларини божхона чегаралари орқали ноқонуний равишда олиб ўтишга уринган шахслар қўлга олинди, деб хабар берди DBҚ матбуот хизмати.
«Тошкент-Аэро» ихтисослаштирилган божхона комплексининг Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан Тошкент аэропортида Деҳлидан учиб келган фуқаро Г.А. божхона назоратидан «яшил» йўлак орқали ўтаётиб, 100 дона «Клоназепам» таблеткаларини яширин равишда олиб кирмоқчи бўлган вақтида тўхтатиб қолинган.
Шунингдек, унинг ёнида оғзаки сўровда маълум қилинмаган 190 қути сифати кафолатланмаган дори воситалари ҳамда 177 дона косметика ва гигиеник воситалар борлиги аниқланган.
Тошкент вилояти божхона бошқармасининг «Ғишткўприк» чегара-божхона постида эса нафақат психотроп, балки наркотик моддаларни ҳам олиб киришга уринган қўшни давлат фуқароси тўхтатиб қолинган.
Ушбу шахснинг ўзи билан олиб кираётган дори воситалари орасида 149 дона «Трамадол» психотроп таблеткалари бўлган.
Шундан сўнг ушбу шахс холислар иштирокида кўздан кечирилган ва ички кийими орасига 1 дона полиэтилен ўрам яширилганлиги аниқланган. Ўрамдаги 24 граммдан ортиқ оғирликдаги модда эса экспертлар хулосасига кўра, героин гиёҳвандлик воситаси бўлиб чиққан.
Хабарда айтилишича, ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари давом эттирилмоқда.
Изоҳ (0)