Олий Мажлис Сенатида «Маҳкумларнинг ҳамда қамоқда сақланаётган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун маъқулланди. Бу ҳақда UZ24 хабар берди.
Ҳужжат Омбудсманнинг қийноқларга солишнинг ва муомалада бўлиш ҳамда жазолашнинг бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни таҳқирловчи турларининг олдини олишга доир фаолиятини ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамловчи янги норма билан тўлдирилмоқда. Унга кўра, вакил қамоқда сақлаш жойларига мунтазам кириб туриш орқали қийноқларга солишнинг олдини олиш чораларини кўради.
Омбудсман нафақат қамоқда сақлаш жойларида, балки ўз ихтиёри бўйича чиқиб кета олмайдиган бошқа жойларда бўлган шахслар, масалан, психиатрия, наркология ва шу каби бошқа муассасаларда ҳам қийноқларга солишнинг олдини олиш чораларини кўради.
Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс Омбудсманнинг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи янги норма билан тўлдирилмоқда. Унга кўра, Омбудсманнинг фаолиятига тўсқинлик қилиш мансабдор шахсларга жарима солинишига сабаб бўлади.
Бундан ташқари, Жиноят-ижроия кодекси шахснинг соғлиғини муҳофаза қилиш ва хавфсизлигига тегишли қоидалар жазони ижро этиш муассасаларида ҳам қўлланилишига оид норма билан бойитилади. Эндиликда маҳкумлар психологик ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ тадбирларда фақатгина ўз хоҳишларига кўра иштирок этиши назарда тутилган.
Маҳкумларнинг ҳуқуқлари меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ тўлиқ таъминланиши ҳам қонунда ўз ифодасини топмоқда.
Изоҳ (0)