Жиззах вилоятининг Зафаробод туманида Россия Федерацияси армиясига ёлланиб, ушбу давлатнинг Украинага қарши урушида қатнашган Ўзбекистон фуқароси иши кўриб чиқилди. “Дарё” шу ҳақдаги суд ҳужжати билан танишди.
Суд ҳужжатларидан англашилишича, 2024 йилнинг октябрь ойида Жиззах туманида туғилган 24 ёшли Қодир Толипов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ишлаш мақсадида Россияга кетган. Хорижга чиққан фуқаро тайинли иши йўқлиги сабаб Telegram мессенжери орқали иш берувчилар эълони билан танишган.
Telegram мессенжеридаги “Ростов работа” номли каналдаги эълон билан танишган Қодир уларнинг таклифига кўра, 29 октябрь куни Россиянинг Ростов области, Ростов-на-Дону шаҳрига етиб борган. Ва Россиянинг шу ҳудудида жойлашган Қуролли кучлари сафида хизмат қилувчиларни қабул қилиш манзилига борган. У низолашаётган давлатнинг фуқароси ёки ҳарбий хизматчиси ҳисобланмаса-да, ўзининг моддий ва бошқа манфаатларини кўзлаб Россия Федерацияси Қуролли кучлари сафида бир йил хизмат қилиш бўйича шартнома имзолаган, дейилади суд ҳужжатларида.
Аниқланишича, Ўзбекистон фуқароси 2024 йилнинг 30 октябрь куни Новочеркасск шаҳридаги Россия Федерацияси Мудофаа вазирлигига қарашли ҳарбий қисмга бориб, ҳарбий жанговар тайёргарликдан ўтган. Шундан сўнг “Ахмад сила” ҳарбий полки, “Вагнер” ҳарбий компанияси таркибида Украина қуролли кучларига қарши ҳарбий ҳаракатларда қатнашган.
24 ёшли ўзбекистонлик 2025 йилнинг 20 январига қадар ҳарбий ҳаракатларда қатнашиб, соғлиғидаги муаммолар сабаб бир муддат даволанган. 25 январь куни эса Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси ёрдамида Ўзбекистонга қайтиб келган.
2025 йил 30 июль куни Жиноят ишлари бўйича Зафаробод туман судида судья Салоҳиддинов раислигидаги суд мажлисида Қодир Толипов Жиноят кодексининг 154-моддаси 1-қисми (ёлланиш, яъни низолашаётган давлатнинг фуқароси ёки ҳарбий хизматчиси ҳисобланмаган ёхуд назорат қилиниб турган низолашаётган давлат ҳудудида доимий яшамайдиган ёки ҳеч қандай давлат томонидан қуролли кучлар таркибида расмий топшириқни бажариш ваколати берилмаган шахснинг моддий манфаатдорлик ёки бошқа бирон шахсий манфаатни кўзлаб, ўзга давлат ҳудудида ёки унинг тарафини олиб қуролли тўқнашувда ёхуд ҳарбий ҳаракатларда қатнашиш учун ёлланиш) билан айбли деб топилган. Унга нисбатан 4 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси қўлланган.
Изоҳ (0)