Олий Мажлиси Сенатининг ўн саккизинчи ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексини тасдиқлаш тўғрисида»ги қонун муҳокама қилинди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Сўзга чиққан сенаторлар қайд этганидек, Сайлов кодексида катта ижтимоий хавфи бўлмаган жиноятлар ва унча оғир бўлмаган жиноятлар содир этганлиги учун озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахсларнинг сайловда иштирок этиши бўйича чекловлар олиб ташланмоқда.
Бундан ташқари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига номзодлар кўрсатиш тартиби бекор қилинмоқда. Шу тариқа сиёсий партиялар халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига номзодлар кўрсатишда мутлақ ҳуқуққа эга бўлади.
Олий Мажлис Сенати аъзоларини сайлаш тартиби қонунчилик йўли билан белгилаб қўйилмоқда. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси сайловчиларининг ягона электрон рўйхати амал қилиши тартиби қонунчилик даражасида тартибга солинмоқда, бу сайловчини «битта сайловчи — битта овоз» тамойили бўйича фақат битта сайловчилар рўйхатига киритиш тартиби татбиқ этилишини таъминлайди.
Ҳам муддатидан олдин овоз бериш, ҳам сайлов куни овоз бериш учун ягона ҳужжат — сайлов бюллетени жорий этиш орқали «сайлов варақаси» тушунчаси қонун ҳужжатларидан чиқариб ташланмоқда. Сайловчиларга ўзи ёқлаб овоз берадиган номзоднинг фамилияси рўпарасида, ўнг томонда жойлашган бўш квадратга белгилардан бирини (+, ü, х) қўйиш имконияти берилмоқда.
Сайлов кодексида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, ташкилотлар томонидан участка сайлов комиссияси аъзолигига номзодлар бўйича таклифлар киритиш тартиби белгиланмоқда.
Номзодлар туман, шаҳар Кенгашлари мажлисларида муҳокама этилади ва округ сайлов комиссиясига тасдиқлаш учун тавсия этилади.
Сайлов кодексида сайлов комиссияси аъзоларига қўйиладиган талаблар мустаҳкамланмоқда. Жумладан, сайлов комиссияси аъзолари бошқа сайлов комиссияси, сиёсий партиялар аъзолари бўлиши мумкин эмас. Ҳокимлар, прокуратура органларининг, судларнинг мансабдор шахслари, номзодларнинг яқин қариндошлари ва ишончли вакиллари, номзодларга бевосита бўйсунадиган шахслар ҳам сайлов комиссиялари таркибида бўлиши мумкин эмас.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Изоҳ (0)