Жорий йил баҳорида Тошкентда 410 минг тупга яқин мевали ва манзарали дарахт кўчатларини ўтқазиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.
Каштан, дуб, эман, лола дарахти, софора, буталардан — форзиция, япон беҳиси, магнолия, сурия атиргули ва йил давомида навбатма-навбат гуллаб, бир-бирининг ўрнини эгалловчи бошқа ўсимликларни экишга тайёргарлик кўрилмоқда.
«Пойтахтнинг марказий ва бошқа кўчалари жорий йил баҳорида лолалар, виолалар, тагетеслар ва салвиялар билан ҳам безатилади», — дейилади хабарда.
Шаҳар маъмурияти маълумотларига кўра, ўтган кузда пойтахтда 168,1 минг туп дарахт ва буталар, шунингдек 5 миллион туп кўп йиллик ва бир йиллик гуллар экилган.
Бугунги кунда Тошкентнинг умумий майдони 33 минг гектарни ташкил этса, унинг 15,2 минг гектари яшил ҳудудлар ҳисобланади.
Изоҳ (0)