Наманганда темир йўл вокзалини янгидан қуриш бўйича бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда. Бу ҳақда «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ матбуот хизмати хабар берди.
3 қаватдан иборат бино қурилиши «Ўзтемирйўлйўловчи» акциядорлик жамияти буюртмаси асосида «Боштранслойиҳа» томонидан лойиҳалаштирилган. Қурилиш-монтаж ишларига «Қурилиш универсал компакт сервис» масъулияти чекланган жамияти мутахассислари жалб этилган.
Замонавий архитектура ечимлари асосида бунёд этилаётган вокзал кундан-кунга ўзига хос кўркам қиёфа касб этмоқда. Қурилишга 100 нафардан ортиқ ишчи-ходим ва ўнлаб замонавий техника жалб этилган. Айни кунларда барча қаватларда жойлашган хоналарда қурилиш-монтаж жараёни якунланиб, пардозлаш ишлари олиб борилмоқда. Перрон ҳам замонавий тарзда кенгайтириляпти.
Янги вокзал ишга туширилгач, бир вақтнинг ўзида 500 нафар йўловчига хизмат кўрсатилади. Бу ерда кутиш ва VIP заллари, она ва бола хонаси, тиббиёт пункти, умумий овқатланиш маскани ҳамда савдо шахобчалари ташкил қилинади. Юқори қаватга кўтарилиш учун замонавий лифтлар ўрнатилади. Шунингдек, кутиш залларида йўловчи поэздларнинг қатнов жадвали акс этган электрон ойна, Wi-Fi интернет тизими, электрон кутубхона жорий этилади.
Вокзалдаги қурилиш ишлари баробарида унинг ён томонида жойлашган «Локомотив» меҳмонхонаси ҳам қайта таъмирланмоқда. Меҳмонхона 5 қаватдан иборат бўлиб, биринчи ҳамда иккинчи қаватлардан вокзалнинг маъмурий биноси ўрин олади. Темир йўл чиптахонаси ҳам меҳмонхона ҳудудида.
Изоҳ (0)