Жорий йил 19—22 март кунлари Испаниянинг Сарагоса шаҳрида бўлиб ўтадиган «Figan-2019» халқаро кўргазмасида иштирок этиш учун фермер хўжаликлари раҳбарлари тайёргарлик кўрмоқда, деб ёзади ЎзА.
— Сарагосада бўладиган бу кўргазма қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳар икки йилда бир маротаба ўтказиладиган дунёдаги энг йирик майдонлардан бири ҳисобланади, – дейди Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳузуридаги «Қишлоқ бизнеси учун маслаҳат» унитар корхонаси директори Ф.Фазлиев. – Унда агроэнергия, чорвачилик, чорва молларининг соғлигини сақлаш, уларни озиқлантириш ва генетикаси, ўрмон хўжалиги, балиқчилик, маҳсулотларни қайта ишлашга оид технологиялар намойиш қилинади. Шунинг учун ҳам у соҳа мутахассислари учун муҳим кўргазмаларидан бири ҳисобланади.
Кўп тармоқли фермер хўжаликлари фаолиятида бундай кўргазмаларнинг муҳимлигини инобатга олиб, илғор фермерларимизни мана шу кўргазмага сафарбар қилмоқдамиз. Зеро, бундай кўргазмалар мамлакат саноатининг ҳам ривожланишида муҳим рол ўйнайди.
Қайд этиш жоизки, «Қишлоқ бизнеси учун маслаҳат» унитар корхонасининг асосий фаолияти фермер, деҳқон хўжалиги раҳбарларини соҳага оид илм-фан ютуқларининг замонавий, энг сўнгги янгиликлари билан ошно қилишдек улуғ мақсадларга йўғрилган. Ушбу ташкилотда бугунги кундаги ишлар айнан шу талабдан келиб чиқиб ташкил этилган.
— Илм-фаннинг бугунги кундаги тараққиёти ҳар бир соҳа вакилларидан тинимсиз ўқиш, изланишни талаб қилади, – дейди Ф.Фазлиев. – Биз ҳам шу тамойилни ўзимизга устувор вазифалардан бири қилиб белгилаб олганмиз. Фермер ва деҳқон хўжаликлари раҳбарларининг малакасини тинимсиз ошириш, дунёдаги илғор тажрибаларни ўргатиш борасида бир қатор юмушларни амалга оширмоқдамиз.
Изоҳ (0)