Вице-президент Чжан Сяожун бошчилигида Нанкинг политехника институти делегацияси Тошкентга келди. Бу ҳақда «Дарё»га Инновацион ривожланиш вазирлиги ахборот хизмати маълум қилди.
Меҳмонлар Инновацион ривожланиш вазирлиги, «Ўзстандарт» агентлиги, Тошкент давлат иқтисодиёт университети ҳамда Тадбиркорлик фаолияти асосларини ўқитиш Республика маркази вакиллари билан музокаралар ўтказди. Бунда Нанкинг политехника институти билан қўшма дастур, қўшма факультет ҳамда тўлақонли филиал ташкил этиш бўйича ишларни бошлаш юзасидан келишиб олинди.
Нанкинг политехника институти Ўзбекистондаги филиалида дарсларни инглиз ва хитой тилларида ўтилиши режалаштирилмоқда. Ўзбекистонда ўқийдиган талабалар институтга ўқишга юборилиши, 2+2, 1+3, 3+1 форматида талабалар ўқишини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.
Нанкинг политехника институти Жиангсу провинцияси ҳукумати томонидан ташкил этилган бўлиб, Хитойнинг топ 83 олий ўқув юрти қаторига киради. Бугунги кунда олий ўқув юртида 10 мингдан зиёд талаба 40 дан зиёд мутахассислик бўйича таҳсил олади. Институтда 500 нафар хорижий талабалар таҳсил олиб келмоқда, шундан 33 нафарини ўзбек йигит-қизлари ташкил қилади.
Изоҳ (0)