«Дарё»га Шаҳрисабз туманидаги Кўл қишлоғи аҳолисидан мурожаат келиб тушди. Мурожаатда таъкидланишича, Кўл қишлоғига жорий йилнинг 6 январь куни қалин қор тушган. Балки ишонмассиз — 2 метр. Оқибатда, йўл ёпилиб қишлоқ аҳли ташқи дунёдан бутунлай узилиб қолган. Мурожаатчиларнинг қўшимча қилишича, бу ҳолат 10 кун давом этган.

Кўл қишлоғига олиб борадиган йўл.

Фото: Жамшид Жамолов

Тўғриси, 2 метр қор ёққани сал муболаға бўлса керак деган ўйда йўлга чиқдик. Дастлаб Шаҳрисабзда, сўнгра туман марказидан 86 км узоқликдаги Кўл қишлоғида бўлдик.

Кўл қишлоғига олиб борадиган йўл.

Фото: Жамшид Жамолов

Масофа 86 километр бўлса-да, шу йўлни «Нива» русумли автомобилда 3 соатда босиб ўтдик. «Мунаввар» боғигача қийналмасдан йўл босдик, аммо манзилимизнинг кейинги 16 километрида ҳали-ҳамон қалин қор борлиги сабабли йўлда бироз қийналдик. Ҳайдовчи Сайфулло Зайниддиновнинг айтишича, қишлоққа фақатгина «Нива» ёки «УАЗ»дагина чиқиш мумкин.

Фото: Жамшид Жамолов

Кўл қишлоғига олиб борадиган йўл.

Фото: Жамшид Жамолов

«Бу даражадаги қалин қор 2016 йил ёққан эди, — дейди Кўл қишлоқ врачлик пункти мудири Абдумалик Сафаров. — Ўшандан бери бундай йўл ёпилиб қолиш ҳолати бўлмаганди. Бу йилги қор эса жуда қалин ёғди. Баъзи ҳудудларда 2 метрдан ҳам ошди».

Фото: «Дарё»

Маълум бўлишича, 2 метр ёққан қор туфайли қишлоқдан туман марказига олиб тушувчи йўлларни қор босган. Қорни тозалаш мақсадида қишлоқ аҳолисидан иборат 30—40 кишилик жамоа 9 кун меҳнат қилган.

Фото: «Дарё»

«Йўлни тозалашга 9 кун вақтимиз кетди, — дейди Кўл маҳалла фуқаролар йиғини раиси Исмоил Бобоев. – Шу вақт мобайнида қишлоқдошлар тинимсиз меҳнат қилишди. Туман Фавқулодда вазиятлар бўлими раҳбари Алимардон Қурбонов ҳам ҳар дақиқада қўнғироқ қилиб вазиятдан хабардор бўлиб турди».

Кўл МФЙ раиси Исмоил Бобоев.

Фото: Жамшид Жамолов

Қишлоқда жойлашган 64-умумтаълим мактабининг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Шоҳимардон Валматовнинг айтишича, қор босган кунлари қишлоқ аҳолиси 7 кун давомида электр токисиз қолган.

Шоҳимардон Валматов.

Фото: Жамшид Жамолов

«Қўшни қишлоқдаги трансформатордаги носозлик сабабли етти кун «свет»сиз ўтирдик, — дейди муаллим. — Бундай пайтда на телевизор кўрдик, на радио эшитдик. Республикамизда кечаётган жараёнлардан бехабар қолдик».

Фото: «Дарё»

«Қалин қор ёғиб, йўл ёпилгач «свет» ҳам ўчди, — дейди маҳалла раиси. — Ўша пайтда қандай қилиб туман марказига хабар беришни ўйладик. Боиси ток ўчгач, телефонларда «антенна» ҳам чиқмайди. Шундан кейин «движок» ёқиб, «антенна» чиққач туман Фавқулодда вазиятлар бўлими раҳбари Алимардон Қурбоновни хабардор қилдик».

Фото: «Дарё»

«Вазиятдан хабар топишимиз билан ёрдамга шошдик, — дейди туман Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи Алимардон Қурбонов. – Республикадан ҳам телефон қилишди. Вазиятдан хабардор қилдик. Бульдозер учун керагидан ортиқ ёқилғи юбордик. Аммо ўзимизнинг техникамиз йўқлиги анча панд берди».

Шаҳрисабз туман ФВБ бошлиғи Алимардон Қурбонов.

Фото: Жамшид Жамолов

Қишлоқ аҳлининг айтишича, айни кунда уларнинг кунига яраётган бульдозерни ҳам қишлоқ аҳолиси бундан 15 йил илгари пул йиғиб ўзлари сотиб олган.

Фото: Жамшид Жамолов

Вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Соҳиб Равшановнинг айтишича, нафақат туман Фавқулодда вазиятлар бўлими, ҳатто бошқармада ҳам тоғ ҳудудларига мўлжалланган техника йўқ. «Аммо техникага эҳтиёж туғилганда туман ва вилоятдаги техникаси мавжуд ташкилотлардан иборат гуруҳ шакллантирилиб аҳолига ёрдам кўрсатилади, — дейди Соҳиб Равшанов. — Кўл қишлоғида 10 кунлаб эмас, 2 кун йўл ёпилиб қолгани рост. Ўшанда ҳам қишлоқ аҳолиси билан суҳбатлашганимизда фақат ёқилғи сўрашди. Йўлни очишга бизнинг қурбимиз етмайди дейишганда, биз албатта алоҳида гуруҳ тузган ҳолда муаммони бартараф қилардик».

Кўл қишлоғига олиб борувчи йўлни кўрсатувчи белги ўрнатилган «Мунаввар» боғи.

Фото: Жамшид Жамолов

Кўлликлар вазиятдан хабардор қилгач, туман Фавқулодда вазиятлар бўлими ходимлари дизель ёқилғисини «Мунаввар» боғигача етказиб берган. Қолган 16 км масофа қор билан қопланганлиги сабабли ҳатто туман Фавқулодда вазиятлар бўлими ходимлари ҳам ўтолмаган. Сўнгра қишлоқ аҳолисидан иборат 6 нафар киши яёв тушиб, ёқилғини олиб чиққан.

Фото: «Дарё»

Шу қишлоқда яшовчи Аҳмад Раҳматовнинг айтишича, унинг бошқарувидаги бульдозер йўлни тозалашга киришган пайт йўлни кўрмай қолганлиги сабабли қор ёрилиб, бульдозер 30 метр пастликка қулаган. Қишлоқ аҳли ёрдами билан икки кун деганда бульдозер чуқурликдан олиб чиқилиб, яна ишини давом эттирган.

Фото: «Дарё»

«Яхшиям Аҳмад ака бор экан, — дейди маҳалла фуқаролар йиғини котиби Бегали Бегимов. – Бу киши ҳеч қандай ойликсиз қишлоқдошлари учун жонини фидо қилиб, меҳнат қилади. Бульдозерни ҳам ўзи таъмирлайди. Ўшанда 30 метр чуқурликка тушиб кетганда, ёрдамга бордик. Муаммони базўр ҳал қилдик».

Фото: «Дарё»

Туман Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи Алимардон Қурбоновнинг маълумот беришича, Кўл қишлоғи аҳолисига жорий қиш мавсуми учун 1 тонна 400 литр дизель ёқилғиси берилган.

Фото: «Дарё»

«Ҳар йили ёқилғини ҳам ўзимиз қишлоқдошлардан пул йиғиб сотиб олардик, — дейди бульдозер ҳайдовчиси Аҳмад Раҳматов. — Кўз тегмасин бу йил туман ҳокимлиги томонидан берилди. Техникамизни таъмирлашга ҳам маблағ ажратишди».

Бульдозер ҳайдовчиси Аҳмад Раҳматов.

Фото: Жамшид Жамолов

«Мени қувонтирган нарса шу бўлдики, туман ҳокими азбаройи биз учун қайғургани сабабли, техникамиз учун керакли «запчаст»ларни биз билан бирга излаб топиб, олиб берди», — дейди Кўл маҳалла фуқаролар йиғини котиби Бегали Бегматов.

Фото: «Дарё»

ҚВП шифокори Абдумалик Сафаровнинг айтишича, йўлнинг қалин қор билан қопланиши беморлар учун ҳам ноқулайликлар туғдириш баробарида моддий қийинчиликларга ҳам сабаб бўлаётган экан.

Фото: «Дарё»

«Одатда ҳомиладор аёлларнинг туғуруқ пайти яқинлашгач, туман марказидаги шифохонага олиб бориш учун 250 минг сўмга машина «заказ» қилиб олиб тушишади, — дейди шифокор Абдумалик Сафаров. – Шунда ҳам йўл очиқ бўлса. Агар худо кўрсатмасину йўл ёпиқ бўлса нафақат онанинг, туғилажак боланинг ҳам ҳаёти хавф остида қолади».

ҚВП шифокори Абдумалик Сафаров.

Фото: Жамшид Жамолов

ҚВП шифокорининг маълумот беришича, 2016 йил февраль ойида 3 кун кетма-кет ёққан қор туфайли йўл ёпилиб қолгач, туғуруқ пайти яқинлашган ҳомиладор аёлни яқинлари 5 км масофага «носилка»да олиб тушишган.

«Беморни олиб тушишда кечикканимиз, қолаверса аёл «носилка»да қийналгани сабабли ҳам ҳомиласи нобуд бўлган, — дейди ҚВП мудири ҳолатни изоҳлар экан. — Энг ёмони аёл ҳам вафот этганди ўшанда. Мен ҳар сафар қишлоқдошларимизга ҳомиладор аёлларни имкон қадар вақтлироқ туман марказидаги туғуруқхонага етказишлари лозимлигини айтаман. Аммо бунга ҳамманинг ҳам қурби етавермайди».

Кўл ҚВП.

Фото: Жамшид Жамолов

ҚВП мудирининг ҳисоб-китобига кўра, ҳомиладор аёлни туман марказига олиб бориш ва бир боланинг туғилиши учун қишлоқдошлари 2,5 миллион сўмгача маблағ сарфлашига тўғри келмоқда.

«Бу маблағ кўпчилик учун жуда оғирлик қилади, — дейди ҚВП мудири. — Шунинг учун аксарият қишлоқдошларимиз ҳаётини хавфга қўйиб бўлса-да, шу ерда ҚВПнинг ўзида туғишга қарор қилишади. Бу жуда хавфли эканлигини тушунтиришга ҳаракат қилмай барибир бефойда. Чунки қишлоқдан пастга тушиб чиқиш харажатлари уларни қийнаб қўяди».

Фото: «Дарё»

ҚВП мудирининг қўшимча қилишича, тоғликлар кўпинча туман шифохонасига борганда шаҳарга жўнатишидан, шаҳарга борганда эса туманни рўкач қилишидан чарчашганини таъкидламоқда.

Фото: «Дарё»

Кези келганда шуни ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш керакки, асосан чорвачилик ва картошка экиб даромад кўраётган қишлоқ аҳли қишлоқ ҳудудида ўрмон хўжалиги ташкил этилишидан хавотирда.

«Ўрмон хўжалиги ташкил этилгач, ҳар бир қарич ер ўрмон хўжалиги ихтиёрига ўтар экан, — дейди Рустам Камолов. — Ўшанда яйлов ер учун бир бош қора мол учун 75 минг, бир бош майда шохли мол учун эса 35 минг сўм пул тўлашимиз керак экан. Ўзи зўрға кун кечираётган қишлоқ аҳли учун бу кўплаб муаммоларни келтириб чиқариши тайин».

Рустам Камолов.

Фото: Жамшид Жамолов

Аҳолини қийнаётган муаммолардан яна бири ёввойи айиқлар билан боғлиқ экан. «Айиқларнинг бизга энг катта зарари шу бўляптики, — дейди аҳоли вакилларидан бири Аслан Солиҳов. – Ёз ойида қишлоғимизга келадиган айиқлар қабристонга бориб, майитларни безовта қилаяпти. Бир куни қабристондаги кўмилган ёш боланинг жасадини ташқарига чиқариб ташлаганини ўз кўзимиз билан кўрдик. Тўғри, майитга умуман тегмаган. Аммо майитни қабридан ташқарига чиқариб ташлаши бу яхши эмас-да. Шу муаммони ҳам ечиш учун кўп жойларга мурожаат қилдик. Аммо натижа бўлмаяпти».

Фото: Жамшид Жамолов

«Бу муаммони бартараф қилиш учун экологияга ҳам мурожаат қилдик, — дейди Кўл маҳалла фуқаролар йиғини раиси Исмоил Бобоев. – Ўзбошимчалик билан бу муаммони ҳал этолмаймиз. Тез орада бу муаммони ҳал қиламиз дейишган. Кутаяпмиз».

Кўл қишлоғи.

Фото: Жамшид Жамолов

Тоғликлар билан суҳбатлашиб ортга қайтар эканмиз, уларнинг бардошига, сабрига қойил қолдик. Йўлда қайтаётганда ҳар бир дақиқада юракни ҳовучлаб келдик. Боиси, йўлнинг аҳволи қор ва ёмон бўлгани етмагандек қир адирлар бағрида жойлашган йўлга тоғдан ҳар дақиқада тош тушиш эҳтимоли юқори. Ўйлаймизки, тез орада мутасаддилар шундай муаммолар гирдобида яшаб келаётган аҳоли дардини тинглайди ва муаммоларига ечим топишади.

Муаллиф:Отабек Қўлдошев