Хоразм вилоятининг ҳокими Фарҳод Эрманов бошчилигидаги делегация 23—26 январь кунлари Малайзияга ташрифи доирасида 13 та қўшма лойиҳа бўйича келишувга эришди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабар бермоқда, деб ёзади «Газета.uz».
Ташриф давомида Ўзбекистон—Малайзия бизнес-форуми ва кооперацион биржаси ўтказилди, шунингдек, Хоразм вилоятининг Malaysia Halal Expo кўргазмасидаги иштироки таъминланди.
Serba Dinamik Group Berhad компанияси билан «Хазорасп» эркин иқтисодий зонасида каустик сода ва суюқ хлор ишлаб чиқариш бўйича завод қуриш тўғрисидаги келишув имзоланди.
Hadid Engineering компанияси қурилиш саноатида инвестицион лойиҳа режалаштирмоқда. Делегация A Farm Agrotech компанияси билан маҳаллий хом ашёдан фойдаланган ҳолда балиқларни кўпайтириш ва балиқ озуқаларини ишлаб чиқариш бўйича кластер ташкил этишга келишди.
Малайзиянинг Telekom Malaysia Bhd телекоммуникацион компанияси ахборот-коммуникация технологиялар соҳасидаги инвестиция лойиҳаларига қизиқиш билдирди.
Урганчда тиббий-косметологик хизматлар кўрсатиш бўйича Monarch Holdings Ўзбекистон—Малайзия қўшма инновацион марказининг филиалини очиш ҳақидаги келишувга эришилди.
Хоразм вилояти ҳокимлиги ва Малайзия Технологик университети (UTM) вилоятнинг тегишли ОТМ базасида инжиниринг, ахборот технологиялари, фундаментал фанлар ва франчайзинг модели бўйича менежмент йўналишларида Малайзия ОТМнинг бакалавриат ва магистратура дастурларини жорий этиш, келажакда UTM филиалини очиш ҳақидаги келишувни имзолади.
Изоҳ (0)