«Ўзбеккино» миллий агентлигида АҚШнинг Unity Productions Foundation (UPF) нодавлат фонди раҳбари, кинопродюсер ва режиссёр Даниэл Тутт раҳбарлигидаги делегация вакиллари иштирокида тадбир бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
UPF нодавлат фонди ақидапарастликка қарши курашиш, динлараро бағрикенглик ғояларини оммавий ахборот воситалари орқали тарғиб этишга асосий эътибор қаратади. Телевизион фильмлар, телекўрсатувлар туркумини тайёрлаш билан шуғулланади. UPF’нинг медиа ва кино маҳсулотлари узоқ муддатли маърифий кампаниянинг бир қисми бўлиб, у диний бағрикенглик ғояларини кенг тарғиб этишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
1999 йилда ташкил этилган мазкур ижодий тузилма томонидан яратилган фильмлар икки юз миллиондан ортиқ аудитория тўплагани билан аҳамиятлидир. Эътиборга молик жиҳати, бу телемаҳсулотлардан баҳраманд бўлган томошабинларнинг аксарияти фильмлар хусусида ижобий фикрлар билдирган. Фонд, шунингдек, Голливуддаги киносаноат мутахассислари ва оммавий ахборот воситалари билан ўзининг MOST ресурс маркази орқали ҳамкорлик қилиб, машҳур кўрсатувларнинг муаллифлари, продюсерларига фактлар, тадқиқотларни тақдим этади.
Учрашувда «Ўзбеккино» миллий агентлиги ҳамда мазкур ижодий ташкилот ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлашга оид фикр-мулоҳазалар билдирилди. Икки давлат киноижодкорлари ҳамкорлигида кино соҳасида бир қатор лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олинди.
Шу куни Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида АҚШ киноижодкори Даниэл Тутт иштирокида талабалар учун маҳорат сабоқлари, ижодий учрашувлар ҳам ўтказилди.
Изоҳ (0)