Ўзбекистонда Technovation Uzbekistan республика танлови ментор ва иштирокчиларини рўйхатга олиш бошланди. Ушбу танлов 10 ёшдан 18 ёшгача бўлган қизлар ўртасида ўтказиладиган Technovation Challenge халқаро танловининг саралаш босқичи ҳисобланади, деб ёзади ЎзА.
Танлов Ўзбекистон Болалар ва оилаларни қўллаб-қувватлаш ассоциацияси, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Ёшлар иттифоқи, БМТ Тараққиёт дастури, Тошкентдаги Инҳа университети ҳамкорлигида ташкил этилмоқда.
Инновацион ривожланиш вазирлиги маълумотларига кўра, Technovation Challenge халқаро танлови 2010 йилдан буён дунёнинг қарийб 80 мамлакатида ўтказиб келинмоқда. Улар орасида Ўзбекистон ҳам бор. Технологик ишланмалар танлови доирасида қизлар жамоаларини ташкил этиш кўзда тутилган.
Ўзбекистонлик қизлар Technovation Challenge халқаро танловида учинчи маротаба иштирок этмоқда. Ўтган йили Ўзбекистоннинг Generation Z қизлар жамоаси кичик ёш гуруҳи бўйича дунёнинг олтита энг кучли жамоаси қаторига кирди ва танловнинг Калифорния (АҚШ)да бўлиб ўтган финал босқичида мамлакат шаънини ҳимоя қилди.
Жорий йилда жамоалар икки гуруҳ — 10 ёшдан 15 ёшгача бўлган ва 15 ёшдан 18 ёшгача бўлган гуруҳларга бўлинади. Уларга тажрибали мураббийлар бириктирилади ва улар 3 ой мобайнида замонавий дастурий маҳсулотларни дастурлаш ва ишлаб чиқиш кўникмаларини ўрганади. Ушбу билимлар қизларга аниқ муаммони ҳал этишга қаратилган мобил иловаларни яратиш имконини беради. Танловнинг республика босқичи якунида иштирокчилар ўз бизнес-режасини тузиб, ҳайъат аъзолари эътиборига қисқа видео-тақдимот ҳамда лойиҳаларини ҳавола этади. Республика саралаш босқичи ғолиблари Technovation Challenge танловининг онлайн-режимида ўтказиладиган ярим финал босқичига йўлланма олади.
Таниқли олим, дастурчи ва бизнесменлардан иборат халқаро ҳайъат аъзолари юзлаб иштирокчиларнинг ишлари билан танишиб, 10 нафар финалчини саралаб олади. Айнан ана шу жамоа танловнинг Сан-Франциско (АҚШ)да бўлиб ўтадиган якуний босқичида иштирок этади.
Изоҳ (0)