Бугун, 9 январь куни Халқаро пресс клубнинг «Инвестиция—иқтисодиёт драйвери, унинг юраги: Ислоҳотлар, муҳим вазифалар ва муаммолар таҳлили» деб номланган сессияси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон ТИВ вакиллари, «Ўзбекэнерго» АЖ, «Ўзтрансгаз» АЖ раҳбарияти, инвесторлар, тадбиркорлар ва ОАВ вакиллари иштирок этди.
«Дарё» мухбири Севара Нишонованинг хабар беришича, ушбу сессияда «Давергеодезкадастр» қўмитаси раиси Абдушукур Абдуллаев ҳам спикер сифатида иштирок этган. У шаҳарсозликда инвестицияларнинг тутган ўрни ҳақида гапира туриб, уйи бузиладиган фуқароларга қандай тартибда компенсация тўланиши масаласига тўхталди:
«Ҳар бир шаҳар ёки ҳудудини кенгайтириш ёки мавжуд инфратузилмани кенгайтириш ҳисобига ривожланади. Биз ҳам ушбу йўлни ҳозирда босиб ўтмоқдамиз. Тошкент шаҳрида эски уйлар жудаям кўп. Агарда биз мана шу уйларни таъмирлаш учун маълум сумма йўналтирсак, қимматга тушамиз. Ундан кўра бундай уйларни бузиб ўрнига янгисини қурганимиз осонроқ.
Уйларни бузиш қонунчулик доирасида амалга оширилади. Олдин бизда кўчмас мулк у турар жой бўладими, нотурар жой бўладими уларга нисбатан инвентар баҳоси деган тушунча бўларди. 2018 йилда инвентар баҳони кадастр баҳосига ўгартириш учун катта ишлар амалга оширилди. Масалан, Тошкентда уч хонали уйнинг инвентар баҳоси аввал 3 ярим миллион бўлган. Ўзингизга маълумки, Тошкентда бу суммага уч хонали уй уёқда турсин, битта товуқ катакни ҳам қуриб бўлмайди. Шунинг учун ҳам уч хонали уйнинг кадастр баҳоси ҳозирги кунда 60 миллион сўм атрофида этиб белгиланди. Бироқ, бу уйнинг кадастр баҳоси эканлиги ва у уйнинг бозордаги нархидан фарқ қилишини эслатиб ўтишим керак. Агар фуқаронинг уйи бузилса, унга компенсация бозор нархи миқдорида тўланади. Уйнинг бозор нархи эса лицензияга эга бўлган махсус компаниялар томонидан белгиланади».
Изоҳ (0)