Самарқанд вилояти Пастдарғом туманида Президент фармонига мувофиқ Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилинган 5 кишига фуқаролик паспорти тантанали равишда топширилди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Фарҳод Норбўтаев хабар бермоқда.
Тожикистондан Ўзбекистонга келин бўлиб тушган Гулшан Ахророва 20 йилдан буён Пастдарғом туманидаги 19-умумтаълим мактабида тарих фанидан дарс бериб келади. У 2000 йилда фуқаролиги йўқ шахс гувоҳномасини олганди.
Абдуназар Шукуров 1993 йилда Қозоғистондан Ўзбекистонга кўчиб келган. 2005 йилда фуқаролиги йўқ шахс гувоҳномасини олган Абдуназар Шукуров Пастдарғом туман Бандликка кўмаклашиш марказида меҳнат инспектори бўлиб ишлайди.
– Бугун мен ҳаммадан кўра бахтиёрман. Ҳаётимдаги энг катта орзуим ушалди, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик паспортини олишга муяссар бўлдим, — дейди Абдуназар Шукуров. — Бу ишонч мени жонажон Ўзбекистонимиз тараққиёти йўлида янада фидойилик билан меҳнат қилишга ундайди.
1995 йилда Тожикистондан Ўзбекистонга кўчиб келган Бахтиёр Аҳмедов, 1993 йилда оиласи билан Тожикистондан Ўзбекистонга кўчиб келган Сурайё ва Моҳира Раҳимовалар ҳам Ўзбекистон фуқаролигини олди.
– «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида»ги қонуннинг 1-моддасида Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида ва унинг ташқарисида фуқароларининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини ҳимоя қилиши алоҳида қайд этилган, – дейди туман ИИБ миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси бошлиғи Алишер Алиев. – Президентимиз ташаббуси билан юртимизда истиқомат қилиб, мамлакатимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келаётган кўплаб инсонлар ҳаёти қувончга тўлмоқда. 2018 йилда мазкур туманда бир нафар фуқаролиги бўлмаган Дилбар Раббимова ҳам президент фармони асосида фуқароликка эга бўлди.
Изоҳ (0)