Жорий йил Республиканинг туман (шаҳар) адлия бўлимлари томонидан «Тоза ҳудуд» корхонасининг туман (шаҳар) филиалларида ходимларнинг ойлик иш ҳақлари бўйича қарздорликлари мониторинг йўли билан аниқланиб, судларга 1,5 миллиард сўмлик иш ҳақларини ундириш бўйича 1879 та даъво ариза киритилиб, уларнинг ундирилиши таъминланди. Бу ҳақда «Дарё»га Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар берди.
Шунингдек, Бухоро вилоят адлия бошқармаси томонидан 19 та ҳолатда давлат ташкилотлари ходимларининг хизмат сафари харажатлари тўлаб берилмаганлиги аниқланиб, судларга даъво аризаси киритилган. Натижада 1,1 миллиард сўмдан ортиқ пул маблағлари ундириб берилди.
Худди шундай, Қамаши туман адлия бўлими томонидан «Қамаши пахта тозалаш» АЖда сайёр қабул ўтказилганда, жамиятнинг 507 нафар ходимларига иш ҳақлари тўланмасдан келинаётганлиги аниқланди. Бу ҳолат юзасидан жамиятга тақдимнома киритилиши натижасида ушбу ходимларга 583 миллион сўм иш ҳақи тўлаб берилди.
Бундан ташқари, Бухоро вилоят адлия бошқармаси томонидан фуқаро Ш.Латиповнинг солиқ қарзини қайта ҳисоблаш ҳақидаги мурожаати ўрганилиб, 167,5 миллион сўмдан ортиқ солиқ қарзини қайта ҳисоблаш бўйича судга даъво аризаси киритилди. Натижада солиқ қарзининг ундирилиши бекор қилинди.
Шу каби, Ангор туман адлия бўлими томонидан фуқаро П.Амировга у ишлаётган корхона томонидан 2 488 524 сўм иш ҳақи тўлаб берилмаётганлиги аниқланиб, у ҳамда яна 30 нафар ҳамкасбларининг 97 299 836 сўмлик иш ҳақини ундириш бўйича Термиз туманлараро судига ариза киритилди.
«Фуқаролар меҳнат ҳуқуқи билан боғлиқ қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари бузилган тақдирда, вазирликнинг 1008 қисқа рақамли ишонч телефонига, info@minjust.gov.uz электрон почтаси ва ижтимоий тармоқлар (Facebook’даги «Адлия билан мулоқот/Диалог с юстицией» гуруҳи) орқали мурожаат қилишлари мумкин», — дейилади вазирлик хабарида.
Изоҳ (0)