Ўзбекистон ИИВнинг Патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бош бошқармаси бошлиғи Дилшод Акрамов (суратда) 4 август куни Тошкент марказидаги ўз хизмат хонасида шафқатсизларча ўлдириб кетилган эди. Кўп ўтмай ушбу жиноятни содир этишда гумон қилиниб, Тошкент шаҳар ИИББ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси катта инспектори Р.Абдуллаев қўлга олинганди. Шундан бери ушбу иш бўйича бирор ахборот берилмаган эди. 19 декабрь куни Халқаро пресс-клубда ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон бош прокурори ўринбосари Эркин Йўлдошев журналистларнинг Дилшод Акрамов иши бўйича берган саволига ҳам жавоб берган, дея хабар бермоқда «Kun.uz».
«Тергов олиб боришнинг ўз меъёрлари бор. Мен тергов жараёни қайси босқичда эканига доир маълумотга эга эмасман, бироқ тергов ишлари бораётганидан хабарим бор. Ўйлайманки, иш судга оширилганида, бу ҳақда барча тўлиқ маълумот тақдим этилади», — деди бош прокурор ўринбосари Эркин Йўлдошев.
Маълумот учун, ИИВнинг юқори мартабали вакили ҳисобланган Дилшод Акрамовнинг ўлдирилиши юзасидан Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «ж» («ўта шафқатсизлик билан қасддан одам ўлдириш») банди билан жиноят иши қўзғатилган. Иш юзасидан дастлабки тергов Бош прокуратуранинг «Ўта оғир жиноятларни тергов қилиш» бошқармаси томонидан олиб борилаётгани айтилганди.
Изоҳ (0)