«Қизилқумцемент» акциядорлик жамияти ходимларининг 116 нафари овқатдан заҳарланиш бўйича Навоий вилоятидаги давлат санитария эпидемиология назорати маркази мутахассислари томонидан текширув назоратига олинди. Бу ҳақда марказ бош врачи ўринбосари Шокир Пўлатов маълум қилди, дея хабар беради «Turon 24».
Жорий йилнинг 7 декабрь куни заводда тунги навбатчиликда ишлаган ходимларнинг бир нечтасида қусиш, ич кетиши ва иситма кўтарилиши ҳолатлари кузатилган. Вазият ўрганилганда, уларнинг барчаси навбатчилик куни соат 23:00 да ташкилот ошхонасида овқатлангани ва нохуш ҳолатлар шундан сўнг содир бўлгани аниқланган.
Ўша куни 195 нафар ишчи-ходим тунги навбатчиликда ишлаган, шулардан 116 нафари ошхонада овқатланган.
Вилоят юқумли касалликлар шифохонаси бош врач ўринбосари Деҳқон Боймуродовнинг айтишича, 8 декабрь куни эрта тонгда 4 нафар, кейинроқ яна 6 нафар завод ишчиси қусиш, ич кетиши ва иситма кўтарилиши каби шикоят билан келган. Уларнинг ошқозон-ичак тизимида бузилиш кузатилган. Бироқ шифокор беморларнинг овқатдан заҳарлангани тўғрисида аниқ маълумот бермади.
Давлат санитария эпидемиология маркази тақдим этган маълумотларга кўра, заводда озиқ-овқат маҳсулотлари таъминоти билан шуғулланадиган цехнинг фаолияти 12 кунгача тўхтатиб қўйилган.
Изоҳ (0)