Тошкент шаҳар ҳокимининг йўлларни ажратиб турувчи тўсиқларни олиб ташлаш тўғрисидаги қарори қабул қилинди, деб ёзади «Новости Узбекистана».
Пойтахт ИИББ ЙҲХБ томонидан ўтказилган мониторинг натижаларига кўра, тўсиқлар ҳайдовчилар, шунингдек пиёдалар учун ҳам хавфсиз эмаслиги аниқланди.
Ўтган ойда Тошкентнинг икки марказий кўчаси — Навоий ва Беруний шоҳ кўчаларининг ҳаракатланиш қисмидаги ажратувчи тўсиқлар демонтаж қилинди.
«Амалиёт шуни кўрсатдики, тўсиқлар нафақат ҳайдовчиларга, балки пиёдаларга ҳам халақит беради. Дастлаб тўсиқлар пиёдалар ҳаракатланиш қисмининг мумкин бўлмаган жойидан ўтмаслиги учун ўрнатилган эди. Бироқ кўпчилик автомобилчилар мазкур тўсиқлар сабабли пиёдалар деярли кўринмаслигини таъкидлаган. Шу муносабат билан тўсиқларни дастлаб марказий кўчалардан олиб ташлаш ва мониторинг ўтказиш қарори қабул қилинган. Мониторинг натижаларига кўра, тегишли таклиф тайёрланиб, Тошкент ҳокимиятига йўналтирилган», — дейди Тошкент ИИББ ЙҲХБ йўл назорати катта инспектори Александр Филиппов.
Филипповнинг таъкидлашича, йўлни мумкин бўлмаган жойда кесиб ўтаётган пиёда ўз хавфсизлиги, ҳаёти ва соғлиғи тўғрисида ўзи қайғуриши лозим.
Бугунги кунга келиб ажратувчи тўсиқлар 30 та кўчадан 26 тасида демонтаж қилинган. Яқин вақт ичида тўсиқлар шаҳарнинг барча кўчаларидан олиб ташланади.
Изоҳ (0)