Жорий йилнинг 5 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг 2018 йил 28 ноябрда Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида Президент Шавкат Мирзиёев белгилаб берган мамлакат мудофаа қудратини мустаҳкамлаш бўйича устувор йўналишлардан келиб чиқадиган вазифаларга бағишланган йиғилиши ўтказилди. Унда Мудофаа вазирлиги масъул ходимлари, сиёсий партиялар ва кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди. Бу ҳақда «Podrobno.uz» хабар бермоқда.
Тадбирда ўтган давр мобайнида янгиланган Мудофаа доктринаси, Қуролли Кучларни ислоҳ қилиш бўйича Президент фармон ва қарорлари ижроси бўйича Мудофаа вазири ўринбосарининг ахбороти эшитилди.
Тадбирда Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раисининг Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида Президент Шавкат Мирзиёев белгилаб берган устувор йўналишлардан келиб чиқадиган вазифалар ҳақидаги маърузаси тингланди.
Муҳокамалар жараёнида депутатлар давлат раҳбари томонидан белгилаб берилган устувор вазифаларни амалга оширишда парламент аъзоларининг роли, шу жумладан, ислоҳотларнинг мустаҳкам ҳуқуқий асосларини яратиш, депутатларнинг ҳарбий хизматчилар билан мунтазам мулоқотини йўлга қўйиш, ёшларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялашда депутатлик корпуси имкониятларидан кенг фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратишди.
Ҳарбий хизматга чақирувни баҳор ойларига кўчириш, ҳарбий хизматга чақирилувчиларни тиббий кўрикдан ўтказишнинг мутлақо янги, самарали тизимини яратиш, ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзоларини ишга кафолатли жойлаш, ҳарбий таълим муассасалари ўқув дастурларини такомиллаштириш ҳамда моҳир лашкарбоши боболар ҳақида илмий тадқиқотлар, бадиий китоблар, кинолар яратиш каби масалаларнинг ташкилий-ҳуқуқий ечимини ишлаб чиқиш, шу мақсадда қонун ҳужжатларига зарур ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Янгиланган Мудофаа доктринаси, Қуролли Кучларни ислоҳ қилиш бўйича қабул қилинган бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг самарали ижросини таъминлаш юзасидан парламент назоратини кучайтириш зарурати қайд этилиб, бу борада бир қатор тадбирлар ўтказишга келишиб олинди.
Изоҳ (0)