Ўзбекистонда амалдаги қонунлар бола тарбиясининг биринчи босқич даври масъулиятини оилага юклаган, бироқ бугун оиланинг пойдевори ҳисобланган аёлларнинг салмоқли қисми фаол, меҳнат шартномаси билан корхона ва ташкилотларга боғланган. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Алишер Қодиров шу ҳақда фикр юритган.
Депутатга кўра, улар иш вақти якунланмасидан оиласига қайтолмайди. Оилада она бўлмаслиги оила пойдеворини дарз кетишига олиб келади. Болалар мактабдан қайтиб, уларга «туҳфа қилинган» эркинликдан билганларидек фойдаланади.
Ота билан деярли бир пайтда келган она ҳам дам олишга ҳақли. Муносабатлар инқирози секин-аста оиланинг инқирозига олиб келади. Афсуски, айнан шу ҳолат 55 фоиз оилаларнинг бузилишига сабаб бўлмоқда.
Алишер Қодиров юқоридаги фундаментал муаммони бартараф этиш учун мамлакатда аёлларнинг меҳнат қилиш фаолиятини белгиловчи нормаларга ўзгартириш киритиш зарурлигини таъкидламоқда. Жумладан, аёлларнинг иш вақти соат 16.00 да тугатилиши керак. Шунда аёл фарзандлари ва умр йўлдоши учун вақт ажратади. Бу эса оиладаги эр-хотин, она-бола муносабатларида ижобий муҳитни юзага келтиради.
Изоҳ (0)