АҚШ президенти Дональд Трамп ва Хитой раиси Си Цзиньпин 2019 йил 1 январдан кейин ўзаро савдо божларини киритмаслик ҳақида келишиб олди, деб ёзади Meduza.
Оқ уйдан маълум қилишларича, АҚШ божларни 10 фоиздан 25 фоизгача ошириш қарорини 90 кунга тўхтатиб туради, Хитой эса бунга жавобан, Американинг қишлоқ хўжалик, энергетика ва саноат маҳсулотларидан «анча-мунча ҳажмда» сотиб олади. Дональд Трамп ва Си Цзиньпин бу ҳақда Аргентинадаги G20 саммити доирасида бўлиб ўтган ва икки соатдан зиёд давом этган учрашувда келишиб олган.
Ҳозирча эса мораторий амал қилади, мамлакатлар музокараларни давом эттиради, бироқ агар Хитой ва АҚШ бу вақт ичида битимга эришмаса, Хитой экспортига оширилган солиқлар солинади.
АҚШ ва Xитой сўнгги ойларда иқтисодий низо ҳолатида бўлиб, Трамп июль ойидан буён Хитой товарлари импортига жами 250 миллиард доллар божлар киритиш ҳақида бир нечта фармонлар имзолади. Хитой бунга жавобан 110 миллиард долларлик божлар жорий қилди.
Изоҳ (0)