30 ноябрь куни «Ўзэкспомарказ» павильонида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ва «Ўзбектелеком» АК томонидан ташкил этилган «Ўзбекистон Республикаси Президенти топшириғи бўйича АКТ соҳасида топшириқларини амалга ошириш кетма-кетлиги» ҳисобот анжумани бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Севара Нишонова хабар берди.
«Ўзбектелеком» АК бўлим бошлиғи Алишер Зуфаровнинг маълум қилишича, Ўзбекистонда Facebook ва YouTube’га киришда кузатилаётган муаммоларга албатта барҳам берилади, бироқ айнан қачонлиги ҳозирча номаълум.
«Ушбу муаммога ечим топиш учун изланиш олиб бормоқдамиз. Аммо унинг ечими айнан қайси санада бўлишини айта олмаймиз», — дейди Алишер Зуфаров.
Бундан ташқари, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг ўринбосари Олимжон Умаров вазирлик ҳам ушбу муаммонинг ечим топишидан манфаатдор эканлигини билдирди:
«Мен ўзим ҳам Facebook ва YouTube’га муаммосиз кира олиш мумкин бўладиган пайтни кутяпман. Чунки VPN’дан фойдаланиш бироз ноқулайлик яратади. Бир нарсани тушуниш керак, бу комплекс ёндашувни талаб этадиган масала. Биз ушбу масала устида миллий оператор билан ҳамкорликда ишлаяпмиз. Умид қиламанки, яқин кунларда ушбу масалага ечим топамиз».
Изоҳ (0)