«Вақф» фонди томонидан 145 нафар талабанинг тўлов-шартнома пуллари тўлаб берилди. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идорасида ташкил этилган тадбирда маълумот берилди, дея хабар беради «Халқ сўзи».
Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги «Вақф» хайрия жамоат фонди фуқароларнинг диний, маънавий ва интеллектуал салоҳиятини оширишга қаратилган ташаббусларини рағбатлантириш, диний таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, тадқиқотчилари ва ўқувчи-талабаларини моддий ҳамда ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қатор ишларни амалга ошириб келаётгани таъкидланди.
Жумладан, «Илм йўлида кўмак берамиз» акцияси доирасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги билим юртларида таҳсил олаётган 39 нафар талабанинг тўлов-шартнома пуллари тўлаб берилди.
Бундан ташқари, фонд ҳисобидан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан шакллантирилган рўйхат асосида олий таълим муассасаларида ўқиётган боқувчиси йўқ, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшларнинг 145 нафарига қарийб 1 миллиард 244 миллион сўм миқдорида тўлов-шартнома пуллари ажратилди.
Изоҳ (0)