Минскда Ўзбекистон ва Беларусь ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганининг 25 йиллигига бағишланган почта маркаси муомалага чиқарилди. Бу ҳақда Беларуснинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот хизмати маълум қилди, дея хабар беради «Turon 24».
Марка Александр Непогодин номидаги Бобруйск босмахонасида тайёрланган. Тиражи 48 минг дона. Марка марказида Ўзбекистон ва Беларуснинг давлат герблари ёнма-ён жойлаштирилган.
Минск шаҳридаги 1-почта алоқаси бўлимида почта маркаларини муомалага чиқариш маросими ҳам ўтказилди. Бунинг учун ичига хат солинган конвертга янги почта маркаси ёпиштирилиб, конверт устига «Биринчи кун» деган ёзув билан махсус тамға урилди. Шу тариқа икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликка бағишланган почта маркаси ўзининг саёҳатини бошлади.
Маълумот учун, Ўзбекистон ва Беларусь ўртасида дипломатик алоқалар 1993 йил 21 январда ўрнатилган.
Изоҳ (0)