Белфастдаги Квинс университети олимлари инсультдан кейин беморларни соғломлаштириш учун мия импулсларини бошқариш орқали ишлайдиган махсус видеоўйинларни ишлаб чиқиб, синовдан ўтказмоқда, деб хабар берди BBC. Мутахассисларнинг айтишича, бундай ўйинлар мияни фаолроқ ишлашга ундайди ва таянч-ҳаракат моторикасини тиклаш жараёнини тезлаштиради.

Тадқиқот раҳбари доктор Кети Руди изоҳлашича, инсон бош мияси ўзига хос нейропластик ўзгариш хусусиятига эга, шу сабабли у янги муҳитга тез мослаша олади ва зарарланган қўл-оёқларнинг вазифасини бажариш учун бошқа қисмларни ишга солади.
“Моторикани ривожлантириш суратлари” мияда реал ҳаракатни бошқарадиган ҳудудларни фаоллаштиради. Шу тариқа, ҳақиқий ҳаракат қилиш ҳали имконсиз бўлса ҳам, тана аъзоларни соғлом ва фаол ҳолатда ушлаб туришга ёрдам беради, дейди мутахассис.
Тажриба жараёнида иштирокчилар бошига мия фаолиятини ўқийдиган махсус гарнитура кияди. Улар фалажланган тана қисмини ҳаракатлантиришни хаёлан тасаввур қилади, мия сигналлари эса компьютер ўйинини бошқариш учун ишлатилади. Ҳозирча бу усул фақат инсульт оқибатида жиддий ҳаракат функцияларини йўқотган беморларда синалмоқда.

Кўнгиллилар орасида Дандоналд шаҳридан 67 ёшли собиқ гитарачи Родни Гамилтон ҳам бор. У 46 ёшида инсультга учраб, қўли ва панжасини ишлатиш қобилиятидан айрилган. Касаллик сабабли севимли машғулотидан воз кечган бўлса-да, ушбу янги тажриба унга тикланиш умидини берган.
“Энг муҳими, бу жараён менга завқ бағишламоқда”, дейди Гамилтон.
Олимлар тадқиқот доирасида жами 50 нафар инсультдан омон қолган беморни жалб қилишни режалаштирган. Мутахассислар келажакда бундай технологияларни кенг жорий этиш орқали реабилитация марказларида даволаниш жараёнини сезиларли даражада яхшилаш мумкинлигига умид билдирмоқда.
Изоҳ (0)