Тошкент шаҳрининг Учтепа туманида банкоматни ўғирлаб кетмоқчи бўлган шахслар қўлга тушди. Бу ҳақда пойтахт ИИББ хабар қилди.
Маълум бўлишича, жорий йилнинг 3 август куни соат 23:50 ларда Учтепа тумани ИИО ФМБ навбатчилик қисмига тумандаги “Хуршид” маҳалла фуқаролар йиғини Бешқайрағоч кўчасига ўрнатилган Paynet банкоматини ўғирлашга уриниш бўлгани ҳақида хабар келиб тушган.

Воқеа жойига зудлик билан етиб борган тезкор-қидирув ходимларининг суриштирувлари натижасида уч нафар гумонланувчи, А.Шаҳзод, Т.Фаррух, З.Забихуллалар ушланди. Учовлон қўлқоплар, юзларини яшириш учун бош кийимлари кийиб, кулранг Tracker автомашинасининг давлат рақамларини ечиб олган ҳолда ҳаракатланишган.
Аниқланишича, улар воқеа жойида банкоматни кўтариб машина юкхонасига жойлаштиришга уринганида уни оғирлигидан тушириб юборган. Тарақлаш овози фуқаролар эътиборини тортганидан шубҳаланган гумонланувчилар банкоматни ташлаб қочиб кетишган.
Мазкур ҳолат юзасидан Учтепа тумани ИИО ФМБ Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 25-модда орқали 169-моддаси (ўғрилик қилишга суиқасд) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Жиноят кодексининг 169-моддасига кўра, ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилган шахслар 3 йилгача қамалиши мумкин.
Изоҳ (0)