БМТ бош котиби Антониу Гутерриш, Япония бош вазири Сигеру Исиба ва Нагасаки шаҳри мери Сиро Судзуки Нагасаки шаҳрига атом бомбаси ташланганининг 80 йиллиги муносабати билан ўтказилган маросимда 1945 йилда АҚШнинг бу шаҳарга ҳужум қилганини тилга олишмади. Маросим асосий телеканаллар ва интернет тармоғида жонли эфирда намойиш этилган.

“Бугун, 80 йил олдин, бу шаҳар битта атом бомбаси туфайли бир зумда на дарахти, на ўти қолган куйган ерга айланди. Хиросимага ташланган бомбадан ҳам кучлироқ бўлган плутоний бомбаси бир лаҳзада 70 минг кишининг ҳаёти ва келажагини олиб қўйди, уларнинг аксарияти оддий фуқаролар эди. Уруш оловидан омон қолганлар эса узоқ вақт давомида соғлиқларига етказилган зарардан азият чекишди”, деди Исиба.
БМТ бош котиби ўринбосари, қуролсизланиш масалалари бўйича олий вакил Идзуми Накамицу томонидан ўқилган БМТ бош котиби Антониу Гутерришнинг мактубида ҳам бомбани қайси давлат ташлагани ҳақида ҳеч нарса айтилмаган.
“Нагасаки битта атом бомбасидан ҳалокатли зарар кўрган кундан буён бугун 80 йил тўлди. Ўн минглаб қурбонлар орасида яқинларини йўқотганларнинг қайғусига ҳамдардмиз. Биз атом бомбардимонидан жабр кўрган хибакусяларга уларнинг жасорати ва гувоҳликлари учун миннатдорлик билдирамиз”, деди Накамицу.
Анъанага кўра, маросим бошида атом портлашидан куйиб вафот этаётганлар сув сўрагани учун ёдгорлик олдига сув қўйилган. Шундан сўнг шаҳар мери, бош вазир, вазирлар маҳкамаси аъзолари, партия раҳбарлари ёдгорлик пойига гулчамбарлар қўйишган.
Бу йил маросимда 95 та давлат вакиллари иштирок этмоқда.
1945 йил 9 август куни соат 11:02 да Америка ҳарбий-ҳаво кучлари томонидан Нагасакига қуввати 20 килотонна ва оғирлиги тўрт ярим тонна бўлган Fat Man (“Семиз одам”) атом бомбаси ташланди. Бомба шаҳар устидан 503 метр баландликда портлади. Портлаш марказидан бир километр радиусда бўлганларнинг барчаси ҳалок бўлди.
Портлашдан кейинги биринчи йилнинг ўзида 70 мингдан ортиқ одам вафот этди. Жабрланганларнинг 50 фоиздан ортиғи куйиш, 30 фоизгача қисми зарба тўлқинидан шикастланиш, 20 фоизи ўтувчи радиация таъсирига учради. Ёнғинлар турар жой биноларининг катта қисмини вайрон қилди.
Изоҳ (0)