Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро суди томонидан бир неча йилдан буён муаммо бўлиб келаётган масала ижобий ҳал этилиб, тарафлар ўртасида келишув битими тузилишига эришилди, деб ёзади ЎзА.
Бундан беш йил муқаддам фуқаро Ш.Р. Фарғона шаҳар Мустақиллик кўчасидаги хонадоннинг якка тартибда уй-жой қурилиши учун ўз номига ажратилган биринчи ва иккинчи ер бўлакларини Ё.М.га 53 миллион 200 минг сўм қийматига баҳолаб, 19 минг АҚШ долларига сотган. Бу Фарғона шаҳар 5-давлат нотариал идорасида тилхат ва ишончномалар билан расмийлаштирилади.
Ш.Р. 2015 йил март ойига келиб, гўё 2013 йилда Ё.М.га мазкур ер бўлакларининг фақат бир қисмини сотгани ҳақида айтиб, Фарғона шаҳар 5-давлат нотариал идорасида расмийлаштирилган ишончномани бекор қилиб, мазкур ер бўлаклари учун Фарғона шаҳар Ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими томонидан ўз номига тайёрланган уй ҳужжатларини олиб, танишидан бўлган қарзи эвазига бериб юбориб, Ё.М.га жами 47 миллион 931 минг 870 сўм миқдорида моддий зарар етказган.
Ш.Р. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекснинг 168-моддасида белгиланган жиноятни содир этганликда айбланган ва жиноят иши амнистия актига асосан ҳаракатдан тугатилган. Даъвогар Ё.М. ўзи томонидан қуриб битказилган уйнинг сарф-харажатини жавобгар Ш.Р.дан ундириш ҳақида судга даъво аризаси киритган.
2018 йил 26 июль куни бўлиб ўтган фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судининг очиқ суд мажлисида суд даъвогар Ё.М.нинг даъвосини асосли деб топди ва уйга кетган сарф-харажатларни жавобгар Ш.Р.дан даъвогар Ё.М. фойдасига 712 миллион 461 минг 590 сўм, давлат фойдасига 28 миллион 498 минг 463 сўм давлат божи ундириш ҳақида ҳал қилув қарори чиқарди.
Ё.М. ва Ш.Р.лар судга ариза билан мурожаат қилиб, ҳал қилув қарори ижроси юзасидан ихтиёрий равишда келишув битими тузганлигини билдириб, мазкур битимни тасдиқлашни сўраган. Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судининг очиқ суд мажлисида даъво аризаси кўриб чиқилди.
Унга кўра, тарафлар ўртасида тузилган келишув битимига асосан, қарздор Ш.Р.га тегишли бўлган Фарғона шаҳар Мустақиллик кўчасидаги уй фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судининг 2018 йил 26 июль кунги ҳал қилув қарорига асосан ундирилиши белгиланган 712 миллион 461 минг 590 сўм эвазига ундирувчи Ё.М.нинг эгалигига ўтказилади. Келгусида бу уйга нисбатан қарздор Ш.Р. ундирувчи Ё.М.га ҳеч қандай даъво қилмайди.
Мазкур келишув битими ижро иши бўйича тарафларнинг хоҳиш-иродасига кўра тузилган бўлиб, унинг шартлари тарафларнинг манфаати ёки давлат манфаатларига зид келмайди.
Изоҳ (0)