«Ўзэкспомарказ» миллий кўргазмалар мажмуасида давом этаётган Туризм соҳасидаги биринчи халқаро инвестиция форуми ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, Ўзбекистонда ўз бизнесини йўлга қўйиш истагида бўлган ишбилармонлар билан гавжум. Юзлаб хорижий сармоядорлар Ўзбекистон ҳудудларининг туризм салоҳияти ва имкониятлари, миллий ҳунармандлик намуналари билан яқиндан танишиб, истиқболли лойиҳаларни рўёбга чиқаришга доир музокараларда иштирок этмоқда, деб ёзади ЎзА.
Анжуман доирасида тақдимотлар, амалий мулоқотлар билан бирга, B2B, B2G учрашувларида хорижий компаниялар раҳбарлари ва менежерлари мамлакатдаги истиқболли сайёҳлик йўналишлари билан танишиш, ҳамкорлик ўрнатиш ва ўзаро манфаатли шартномалар тузиш имконига эга бўлмоқда.
Мамлакатнинг ҳар бир ҳудудида бўлгани каби Тошкент вилоятида ҳам туризм соҳасини янги тармоқлар ҳисобига янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, 2018 йилнинг ўтган ўн ойи давомида инвесторларга 23 туристик объект қуриш учун ер майдони ажратилди. Бу инфратузилмани ривожлантириш ва ҳудуднинг сайёҳлик имкониятларини кенгайтиришда муҳим ўрин тутади. Жумладан, 2018 йил бошида вилоятда 3 мингдан зиёд туристга хизмат кўрсатиш имконияти мавжуд бўлган бўлса, бугунги кунга келиб бу рақамлар 4 минг 500 га етди. Янги лойиҳаларнинг ишга туширилиши билан вилоятнинг бу борадаги кўрсаткичи 7 мингдан ортади.
Форумда ушбу ер майдонларида сайёҳлик объектларини қуриш бўйича хорижий инвесторлар билан 50 миллион АҚШ доллари миқдоридаги 30 дан ортиқ шартнома имзолашга эришилди.
Анжуманда хорижий ҳамкорлар иштирокида мамлакатда Ўзбекистон—Сингапур сайёҳлик марказини очиш, Сирдарё вилоятида 18 миллиард сўмлик лойиҳани амалга ошириш, шериклик келишувини рўёбга чиқаришга оид меморандумлар, шунингдек, маҳаллий сармоядорлар томонидан Самарқанд, Қашқадарё, Жиззах, Фарғона вилоятларида истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича фойдали битимлар имзолашга эришилди.
Шу куни Халқаро ҳамкорлик марказида «Ўзбекистонда 2025 йилгача туризмни ривожлантириш концепцияси» мавзусида илмий-амалий семинар бўлиб ўтди. Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан ташкил этилган тадбирда тегишли вазирлик ва идоралар масъул ходимлари, халқаро экспертлар, Андижон, Наманган, Фарғона, Бухоро, Самарқанд, Хоразм, Қашқадарё вилоятлари ва Тошкент шаҳри туризм субъектлари вакиллари иштирок этди.
Унда туризм соҳасида кадрлар тайёрлаш, сайёҳлик ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш, транспорт ва инфратузилмани ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Изоҳ (0)