Ўзбекистонда беш ёшгача бўлган болалар орасидаги ўлим ҳолатларининг 57 фоизи неонатал давр — улар ҳаётининг илк 28 кунида юз беради. Бу ҳақда UNICEF’нинг мамлакатдаги ваколатхонаси матбуот хизматига таяниб, «Газета.uz» хабар бермоқда.
Бунга учта асосий сабаб — эрта туғруқ, асфиксия ва инфекциялар. Мазкур маълумотлар чақалоқлар ўлимининг олдини олиш ва уларни парваришлаш сифатини ошириш бўйича Миллий консултатив йиғилишда маълум қилинди.
Унда Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, ҳукумат ва ноҳукумат ташкилотларининг вакиллари, халқаро экспертлар ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги мутахассислар иштирок этди.
БМТнинг яқиндаги ҳисоботига кўра, дунё болалар ўлимини камайтиришда анча прогрессга эришган ва миллионлаб болалар 1990 йилга қараганда яшаш учун кўпроқ имкониятга эга. Бироқ, шунга қарамасдан, биргина 2017 йилда 5,4 миллион бола беш ёшга кирмасдан вафот этган. Улардан 2,5 миллиони икки ой ҳам яшамаган.
Йиғилиш иштирокчилари Ўзбекистонда чақалоқлар соғлиғи соҳасидаги вазиятни таҳлил қилди. Улар неонатал парваришни яхшилаш йўлларини муҳокама қилди ва чақалоқлар ўлимининг олдини олиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқди.