7−9 ноябрь кунлари Нидерландиянинг таниқли Lely ва TCT-Agro фирмалари нуфузли делегацияси Ўзбекистонда бўлиб турибди. Улар Тошкентдаги Agro Expo Uzbekistan/Agrotech Expo қишлоқ хўжалиги кўргазмасида иштирок этмоқда, деб ёзади Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.
Ўзбекистон Республикасининг Бенилюкс давлатларидаги Элчихонаси хабар беришича, мазкур компаниялар Ўзбекистон бозорига киришни ва ишончли ҳамкорга айланишни режалаштирмоқда.
Lely компанияси узоқ йиллар давомида ривожланаётган мамлакатларда ўзининг илғор тажрибаси ва технологиясини муваффақиятли жорий этиб келмоқда ва шу йўл орқали янги иш ўринлари яратмоқда.
«Ўзбекистонга ташриф арафасида компания Қишлоқ хўжалигида Голландия технологиялари инновацион марказини ташкил этиш борасидаги режаларини эълон қилди», — дейилади хабарда.
Тўлалигича ишлаб чиқариш Ўзбекистон ҳудудида маҳаллийлаштириладиган қишлоқ хўжалиги кластерини ташкил қилишни кўзда тутувчи мазкур марказ лойиҳасининг тахнимий қиймати 10 миллион еврога тенг.
Ерга ишлов бериш, чорвачиликни ривожлантириш, тайёр сут маҳсулотларини ишлаб чиқариш, чиқиндиларни қайта ишлаш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш борасидаги Голландиянинг илғор технологияларини жорий этиш мўлжалланмоқда.
Шунингдек таълим компоненти ҳам кўзда тутилмоқда ва бунда Вагенинген университети олимлари ўзбек фермерларига замонавий Голландия технологияларини ўргатишади.
Ўзининг тупроқ остини суюқ органик ўғитловчи технологиялари билан машҳур бошқа бир Нидерлания компанияси — TCT-Agro билан ҳамкорлик алоқалари бўйича дастлабки келишувларга эришилди.
Изоҳ (0)