Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда Кембридж инновацион паркининг Хитой маркази (Cambridge Accelerate) ўртасида ҳамкорлик меморандуми тузилди. Бу ҳақда «Дарё»га вазирлик матбуот хизмати маълум қилди.
Меморандумни Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов ҳамда Cambridge Accelerate муассиси ва бош директори Женни Вонг имзолади.
Томонлар ҳамкорликда таълим ва илмий-тадқиқот дастурларини бажариш, илмий-техникавий маълумотлар ва инновацион технологияларни алмашиниш, талабалар ва ўқитувчилар ўзаро алмашинувини амалга ошириш, янги турдаги техника ва технологияларни яратиш ҳамда ўзлаштиришга келишиб олди. Женни Вонг тижоратлаштириш бўйича бизнес моделларни ривожлантириш, стартап лойиҳалар, жумладан венчур капиталини шакллантириш бўйича маслаҳатлар беришга тайёр эканлигини билдирди.
Маълумот учун, Кембридж инновацион паркининг Хитой маркази фаолияти Буюк Британия ва Хитой компанияларининг ҳамкорлигини рағбатлантиришга қаратилган. Марказ Англиянинг Кембриджшир графлигида жойлашган бўлиб, мазкур технопаркда кўплаб йирик компаниялар фаолият юритиши учун барча шароитлар яратилган.
Изоҳ (0)