Қирғизистон пойтахти Бишкекдаги хорижий талабалар истиқомат қиладиган ётоқхона олдида 17 май куни оммавий муштлашув юзага келиши оқибатида 29 нафар фуқаро жароҳатланди. Бу ҳақда қирғиз маҳаллий нашрларига таяниб, “ТАСС” хабар берди.
Манбада айтилишича, дастлаб 13 май куни Бишкекдаги хорижликлар истиқомат қиладиган ётоқхоналардан бирининг ҳовлисида покистонлик талабалар ва маҳаллий қирғиз ёшлари ўртасида муштлашув юзага келган. Бир неча маҳаллий ёшлар калтакланган. 17 май тунида эса калтакланган қирғиз талабалари учун қасд олиш мақсадида покистонлик талабалар ётоқхонаси олдида юзга яқин киши йиғилган.
Айрим манбалар ётоқхона ҳовлиси ёнида мингга яқин одам тўпланганини ёзган. Оқибатда икки томон ўртасида оммавий муштлашув бошланган. Воқеа жойига полиция етиб келган ва йиғилганлар орасидан 10 га яқин шахсни қўлга олган.
Бишкек полицияси хорижий талабалар ўртасида ҳам тергов ўтказган ва низо келиб чиқишида алоқадор бўлган уч талабани ҳибсга олган. Ҳодиса юзасидан қўшимча суриштирув кетаётгани билдирилган.
Полиция можаро юзага келган ҳудуд атрофидаги бир қанча кўчаларни тўсиб қўйгани хабар қилинган. Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги ҳодиса оқибатида қурбонлар бўлмаганини билдирган.
“Бишкек шаҳрида вазият барқарор. Ҳозирда ҳудуддаги вазият полициянинг тўлиқ назорати остида. Митингнинг барча иштирокчилари тарқалди. Митинг чоғида Қирғизистон Республикаси фуқаролари ва чет эл фуқаролари орасида ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганлар бўлмаган”, — дейилади Ички ишлар вазирлиги хабарида.
Қирғизистон расмийлари аҳолига мурожаат қилиб, ушбу юз берган ҳолатдан мамлакатда тартибсизликлар қўзғаш учун фойдаланмасликка, талабалар ўртасидаги низони оммавийлаштирмасликка чақирган.
Покистон ҳукумати ҳодиса юзасидан Қирғизистонга дипломатик норозилик нотаси юборган. Исломобод Бишкекдан покистонлик талабалар хавфсизлигини таъминлашни талаб қилган.
Покистоннинг Бишкекдаги элчиси Ҳасан Зайгам Қирғизистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Имонғозиев Алмаз билан ушбу масала юзасидан учрашган. Тартибсизликларда бир нафар Покистон фуқароси жароҳатлангани маълум қилинган.
Покистон Ташқи ишлар вазирлиги, шунингдек, Қирғизистоннинг Исломободдаги элчисини чақириб, изоҳ сўраган. Тушунмовчиликларни тез фурсатда ҳал қилишга чақирган.
Изоҳ (0)