Ўзини Ташқи ишлар миграцияси ходими деб таништириб, сурхондарёлик йигитни Кореяга ишлашга жўнатиш баҳонасида унинг паспорти ва 6 минг доллар пулини олиб қўйган марғилонлик шахсга жиноят иши қўзғатилди, дейилади ЎзА хабарида.
Сурхондарё вилояти Жарқўрғон туманидаги Гулҳовуз маҳалласида яшовчи Бойбўри Ишонов 2016 йил Корея давлатида ишлашга бориш учун ҳужжат топшириб, тегишли имтиҳондан ўта олмайди.
Интернет тармоғи орқали буни билиб олган Фарғона вилояти Марғилон шаҳридаги Милтиқсоз маҳалласида яшовчи Валижон Фирибжонов (исм-шарифлар ўзгартирилди) Б.Ишонов билан телефон орқали боғланади ва ўзини таништириб, Ташқи ишлар миграциясида ишлашини айтади. Гап орасида Кореяга жўнатишга ёрдам беришини қуюқ ваъда қилади. Хорижда меҳнат қилишга орзуманд йигитнинг ишончини қозониш учун унинг фуқаролик паспортини ҳам олиб, 6 минг АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан ўзлаштириб кетади.
Чет элда меҳнат қилиш учун яхшигина «ҳақ» тўлаб, фуқаролик паспортисиз қолган ўғлининг икки йилдан буён Корея давлатига жўнаб кета олмаётганидан хуноб бўлган онаси ушбу масалада ёрдам сўраб, ички ишлар идорасига мурожаат этади.
Алқисса, телефон орқали Бойбўри билан танишиб, унга ваъдани қуюқ қилган «уддабурон» В.Фирибжонов 2017 йил октябрь ойида бошқа фирибгарлик жиноятлари учун Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 3-қисми, «б» банди билан судланиб, Қашқадарё вилоятидаги жазони ижро этиш муассаларидан бирида тегишли жазони ўтаётган экан.
Айни пайтда ушбу ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Изоҳ (0)