Маҳаллаларда, оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиш ҳамда аниқланган муаммоларни бартараф этишга кўмаклашиш бўйича ташкил этилган республика ишчи гуруҳи Фарғона шаҳри ва Фурқат туманида маҳаллама маҳалла, уйма уй юриб, аҳолини қийнаётган муаммоларни ўрганиб чиқди, дея хабар берди ЎзА.
Аниқланган муаммоларнинг айримлари жойида ҳал этилган бўлса, баъзилари чуқур таҳлил қилиш ва умумлаштириш асосида «Йўл харитаси»га киритилди.
Фарғона шаҳридаги 70 та маҳалла фуқаролар йиғинида 69 мингдан зиёд хонадон ўрганилиб, 8 минг 462 муаммо аниқланди. Ўрганишлар жараёнида умумий мурожаатларнинг 85,9 фоизи жойида бартараф этилган.
Вилоят марказида бугунги кунда аҳолини ишга жойлаштириш, табиий газ, электр энергияси таъминоти, соғлиқни сақлаш, уй-жой каби соҳаларда кўплаб муаммолар йиғилиб қолган. Шаҳарда ободонлаштириш бўйича 637 муаммо аниқланган. Кўп қаватли уйларнинг кириш йўлаклари ва томларини таъмирлаш, ертўласини тозалаш, болалар майдончаларини қуриш, кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам кўрсатиш, ҳудудни ободонлаштириш, ишсиз аҳоли, айниқса, ёшларнинг бандлигини таъминлаш, йўлларни таъмирлаш бўйича ишлар ҳам тизимли ташкил қилинмаган.
«Фурқат туманида олиб борилган ўрганишлар давомида ҳам 2 мингдан зиёд муаммо аниқланди. Тадбиркорлик ва экспорт фаолиятини ривожлантириш, ишсизликка барҳам бериш, бўш турган объектлардан самарали фойдаланиш, куз-қиш мавсуми тайёргарлиги сингари муҳим йўналишларда сусткашликка йўл қўйилмоқда», — дейилади хабарда.
Изоҳ (0)