Сурхондарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Баҳодир Пўлатов Термиз шаҳридаги боғча, мактаб, шифохона ва бошқа муҳим ижтимоий аҳамиятга эга бўлган объектлардаги мавжуд аҳвол, уларнинг қишки мавсумга тайёргарликҳолатини ўрганди. Бу ҳақда «Дарё»га вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати маълум қилди.
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Термиз филиали ҳамда вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказидаги аҳвол билан яқиндан танишар экан, Баҳодир Пўлатов беморлар учун яратилган шароитлар, дори-дармон таъминоти, таомлар ва озиқ-овқат маҳсулотлари сифати, санитар аҳвол билан қизиқди. Беморлар билан суҳбатлашиб, палаталар совуқлиги, иситиш тизими ҳамон ишга туширилмаганини кескин танқид қилди.
10-сонли мактабгача таълим муассасаси ҳамда 2-умумий ўрта таълим мактабидаги аҳвол эса янада аянчли. Боғча тарбияланувчилари электр симлари издан чиққан, иситиш тизими ишламайдиган қоронғу ва совуқ хоналарда машғулотларни ўтамоқда. Синфхоналар совуқлигидан мактаб ўқувчилари дарсда қишки кийимларда ўтирбди. Тўгарак машғулоти қоронғи синфхонада олиб борилмоқда.
Марказий деҳқон бозори ўрганилганда яроқлилик муддати ўтган озиқ-овқат маҳсулотлари сотилаётганлиги, бу ерда кўплаб савдо ходимларининг на ўзи, на у сотаётган маҳсулотлари мавжуд санитария талабларига жавоб бермаслиги ҳолатлари аниқланди.
Ёзда қуёшдан, қиш ва баҳорда қор ва ёмғирдан сақланиш ва автобус кутиш учун шаҳарда шу кунгача замонавий шароитларга эга 8 та инновацион «Ақлли» бекатлар фойдаланишга топширилди. Бугунги совуқ ва ёмғирли кунда эса уларнинг айримларига қулф осилгани гувоҳи бўлинди. Йўловчилар ёмғирда ивиб, ташқарида автобусни кутишга мажбур бўлмоқда.
Ўрганиш жараёнида аниқланган камчиликлар юзасидан мутасаддиларга танқидий фикр-мулоҳазалар билдирилди. Уларга ўз фаолиятига талабчанлик, жавобгарлик ва масъулият ҳисси билан ёндашиш муҳимлиги таъкидланиб, кўрсатиб ўтилган камчиликларни қисқа фурсатларда бартараф этиш тўғрисида қатъий топшириқлар берилди.
Изоҳ (0)