АҚШ президенти Дональд Трамп Қўшма Штатлар ҳудудида дунёга келган, бироқ фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг фарзандларига «туғилганлик ҳуқуқи бўйича фуқаролик»ни тўхтатиш ҳақидаги фармонни имзолаш режасини маълум қилди. Бу ҳақда давлат раҳбари HBO каналининг Axios дастуридаги интервьюсида маълум қилди, деб ёзади ForumDaily.
«Менга доим бунинг учун конституцион тузатиш талаб этилишини айтишган. Биласизми нима? Тузатиш керак эмас! Буни Конгресс томонидан тегишли актни қабул қилиш орқали амалга ошириш мумкин, бироқ улар буни шунчаки ижроия фармони чиқариш йўли билан амалга оширишим мумкинлигини маълум қилишмоқда», — деди Трамп.
«Биз — бу ерга келиб, фарзандини дунёга келтирган шахсларнинг фарзанди Қўшма Штатларнинг фуқаросига айланадиган дунёдаги ягона мамлакатмиз», — деди президент. Бироқ бу масалада давлат раҳбари бироз ёлғон гапирди — WorldAtlas’га кўра, дунё бўйича 30 га яқин мамлакат туғилганлик ҳуқуқи бўйича фуқароликни тақдим этади. Бу рўйхатга жумладан, Канада, Мексика, Бразилия, Аргентина ва Чили ҳам киради.
Трамп «бу кулгили эканлиги ва тугатилиши лозимлигини» қўшимча қилди. У бу масалани аллақачон ҳуқуқшунослар билан муҳокама қилганлиги ва ижроия фармонини тайёрлаш жараёни бошланганлигини маълум қилди.
Кўпчилик ҳуқуқшунослар президентнинг бу каби фармони Олий суд синовига дош бера олишига шубҳа қилмоқда.
«Конституцияга 14-тузатишда бу масалада аниқ сўз юритилади: АҚШда дунёга келган шахслар АҚШ ва улар истиқомат қилувчи давлатларнинг фуқаролари ҳисобланади», — дейди «Ҳукумат устидан назорат» лойиҳаси эксперти Сара Э.Турбервил.
Изоҳ (0)