Андижон вилоятида «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари доирасида 42 та кичик цех ташкил этилиб, 1000 дан ортиқ хотин-қиз ишга жойлаштирилган. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Туман, шаҳар хотин-қизлар қўмиталаридан сайланган делегатлар, мутасадди идоралар ва ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирок этган анжуманда Андижон вилояти ҳокими ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзура Юнусованинг ҳисоботи тингланди.
Ҳисоботда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, бандлигини таъминлаш, репродуктив саломатлигини яхшилаш, ижтимоий муҳофазага муҳтож, оғир шароитда яшаётган аёлларга кўрсатилаётган ёрдамлар, оилаларни мустаҳкамлаш, ажримларнинг, шунингдек, хотин-қизлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасидаги ишлар ҳам таҳлил қилиниб, бу борадаги ишлар самарадорлигини янада ошириш зарурлиги таъкидланди.
Анжуман иштирокчилари томонидан Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси Низомига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифлар билдирилди.
Конференцияда кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди, шунингдек, республика хотин-қизлар конференциясига делегатлар сайланди. Бир гуруҳ илғор ва фаол хотин-қизлар фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалар билан тақдирланди.
Изоҳ (0)