Жорий йилнинг 10—14 октябрь кунлари Германиянинг Франкфурт Майн шаҳрида анъанавий китоб ва ноширлик кўргазма-ярмаркаси бўлиб ўтди. Унда мамлакатимиз номидан Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги тизимидаги нашриётлар қатнашди. Жумладан, «Ўзбекистон миллий энциклопедияси» Давлат илмий нашриёти кўргазмадан бир қанча фойдали келишувларга эришиб қайтди. Бу ҳақда «Дарё»га матбуот ва ахборот агентлиги хабар берди.
Хусусан, Бельгиянинг Caramel нашриёти билан ҳамкорлик келишуви имзоланиб, 18 та болалар адабиётига ихтисослашган китобларнинг оригинал макетларини сотиб олиш бўйича 40 минг евролик келишувга эришилди.
Буюк Британиянинг Account executive нашриёти билан эса 50 дан ортиқ энциклопедик характердаги болалар китоблари бўйича муаллифлик ҳуқуқини олиш ва Ўзбекистонда нашр этиш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйишга келишилди.
Австриянинг TBC global нашриёти билан инновацион болалар китобларини Ўзбекистонда нашр этиш, хусусан, делегация аъзоларига маъқул бўлган 20 дан ортиқ китобларнинг яратилиши техникасини ўрганиш бўйича келишувларни амалга оширди.
Изоҳ (0)